Янги Зеландияда муслимани ҳақоратлаган менежер ишидан айрилди
Янги Зеландияда ресторан иш бошқарувчиси муслимани ҳақоратлагани учун ишдан бўшатилган.
Янги Зеландиялик муслима Окланднинг Cocobeans таомхонасининг фейсбук саҳифасига хабар йўллаган. Муслима улардан таомларга ҳалол гўштдан фойдаланиладими, деб савол қолдирган.
Муассаса иш бошқарувчиси аёлган ижобий жавоб берган. Аммо таомномада айрим чўчқа гўштидан тайёрланадиган таомлар ҳам борлигини қўшимча қилган.
Муслима аниқлик киритиш учун қўшимча саволлар бериб бошлаганида, иш бошқарувчи тўсатдан жаҳли чиққан ва «Мамлакатингга йўқол», «Бизнинг ҳавомиздан нафас олма», «Бизнинг мамлакатимиз чўчқа гўшти ва пивога тўла» каби ҳақоратли сўзларни ёғдирган.
Бу вазиятдан ҳайратланган муслима олган жавобларини ижтимоий тармоқларга жойлаган. Таомхона раҳбари Радика Найду иш бошқарувчининг бу қилмиши учун ишдан бўшатган. Муассаса раҳбари жабрланувчига «Мусулмон жамоатидан чин дилимдан узр сўрайман», деб мурожаат қилган.