Ҳар кимнинг ҳаққини бериш керак
Асҳоби киромдан Абу Жуҳайфа Ваҳбул-Хайр розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон Форсий билан Абу Дардони биродар қилган эдилар. Бир куни Салмон Форсий Абу Дардонинг зиёратига борди. Биродарининг хотини Умму Дардони увада кийимда кўриб:
– Сенга нима бўлди? – деди. У:
– Биродаринг Абу Дардонинг дунёга ҳожати йўқ, – деди.
Абу Дардо келди, меҳмонга таом тайёрладилар:
– Таомдан ол, ош бўлсин, мен бугун нафл рўза тутганман, – деди.
Салмон розияллоҳу анҳу:
– Ўзинг емагунингча мен ҳам емайман, – деди. Абу Дардо ейишга мажбур бўлди. Кечаси бўлганда Абу Дардо туриб таҳажжуд намозини ўқимоқчи бўлди.
Салмон розияллоҳу анҳу:
– Ёт, ухла, – деди. У ётиб ухлади. Бироздан кейин Абу Дардо яна туриб намоз ўқимоқчи бўлди. Салмон розияллоҳу анҳу:
– Ёт, ухла, – деди. У ётиб ухлади. Тун охирлаганда:
– Энди тур, – деди ва икковлари туриб намоз ўқидилар. Сўнг:
– Диққат қил, биродарим, сенинг зиммангда Раббингнинг ҳаққи бор, ўз нафсингнинг ҳаққи бор, меҳмоннинг ҳаққи бор, аҳли аёлингнинг ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо эт, – деди.
Кейин иккаласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордилар. Абу Дардо бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди.
Аллоҳнинг Расули:
– Салмон тўғри айтибди, – дедилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Савм, 51, Адаб, 86; Термизий, Зуҳд, 63