Боланинг вафот этганини қандай хабар қилди!
Энг кўп ҳадис ривоят қилган етти саҳобанинг бири бўлган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳикоят қилади:
Ўгай отам Абу Талҳанинг хаста ўғли бор эди. Бир куни Абу Талҳа масжидга кетганида бола вафот этди. Онам Умму Сулайм уйдагиларга: “Абу Талҳага мен хабар бермагунимча, ҳеч ким ўғлининг ўлганини айтмасин”, деб қаттиқ тайинлади.
Абу Талҳа масжиддан чиқиб уйга бир нечта биродарлари билан келди. Уни кутиб олган онамдан:
– Ўғлим қандай? – деб сўради.
Онам унга:
– Энди янада роҳатда, – деб жавоб берди.
Сўнгра уларга тунги таомни олиб борди. Дўстлари таомлангандан сўнг бироз суҳбатлашиб ўтириб, хушлашиб кетдилар. Ўша тунда Умму Сулайм ўзига ҳар кунгидан ҳам гўзалроқ оро берди ва ўша кеча эри билан бирга бўлди. Абу Талҳа ҳолидан мамнун бўлганини кўрган Умму Сулайм унга:
– Эй Абу Талҳа! Бирортаси бир оилага омонат берса, сўнгра ўша омонатини қайтариб олмоқни истаса, у оила омонатни эгасига қайтариб бериши керакми, нима дейсиз? – деди.
Абу Талҳа:
– Албатта, қайтариб бериши керак, – деди.
Умму Сулайм:
– У ҳолда ўғлингизни қайтариб олинган омонат, деб билинг ва энди уни дафн этинг, – деди.
Абу Талҳанинг жаҳли чиқди:
– Модомики, шундай бўлган экан, нега кеча ўзингни ҳеч нарса бўлмагандек тутдинг. Ҳозир ҳам менга ўғлимнинг ўлганини ҳеч нарса бўлмагандек айтяпсан, – деб ўрнидан сакраб туриб Расули акромнинг олдиларга борди ва у зотга бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди.
Унинг гапларини эшитган Пайғамбаримиз: “Аллоҳ таоло ўтган ана шу кечангизни иккалангиз учун ҳам хайрли қилсин”, деб дуо қилдилар.
Умму Сулайм шу кеча ҳомиладор бўлган экан. Орадан қанчадир вақт ўтиб Пайғамбар алайҳиссалом бир сафарга чиққан эдилар. Бу сафарга Умму Сулайм ҳам қўшилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтганларида Мадинага кечаси кирмасдилар. Мадинага яқинлашганларида Умму Сулаймни тулғоқ санчиғи тутди. Шу сабабли Абу Талҳа унинг ёнида қолди. Пайғамбар алайҳиссалом йўлда давом этдилар.
Абу Талҳа: “Ё Раббий! Шуни биласанки, мен Расулуллоҳ билан бирга Мадинадан чиқмоқдан ва у зот билан бирга Мадинага кирмоқдан ниҳоятда мамнун бўламан. Фақат бу сафар Ўзингга маълум бўлган сабабга кўра бу ерда қолдим”, деди.
Буни эшитган Умму Сулайм:
– Эй Абу Талҳа! Энди бошқа санчимай қолди, сиз кетаверинг, – деди.
Биз ўгай отам билан йўлда давом этиб кетдик.
Мадинага келганларида онамни яна тулғоқ санчиғи тутди ва бир ўғил болани дунёга келтирди. Онам менга:
– Анас! Чақалоқни тонгда Пайғамбар алайҳиссаломга олиб бор. Уни унгача ҳеч ким эмизмасин, – деди.
Тонг чоғида бир нечта хурмо билан чақалоқни олдим ва Пайғамбар алайҳиссаломга олиб бордим. Борган чоғимда Аллоҳнинг Расулининг қўлида бир доғлайдиган асбоб бор эди. Мени кўрганларидан сўнг:
– Умму Сулаймнинг кўзи ёриди, шундайми? – дедилар.
Мен:
– Ҳа, – дедим.
Дарров қўлларидаги доғлама асбобини ташладилар. Чақалоқни у зотнинг қўлларига бердим. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинанинг ажва хурмосидан бир нечта сўрадилар. Кейин уларни оғзида яхшилаб чайнаганларидан сўнг чақалоқнинг оғзига солдилар. Чақалоқ тамшана бошлади. Буни кўриб жилмайдилар ва: “Бу мадиналикларнинг хурмони яхши кўришларига қаранглар!” дедилар. Кейин чақалоқнинг юзини силадилар ва унга Абдуллоҳ деб от қўйдилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Жаноиз 41; Ақиқа !; Муслим, Фазоилус-саҳоба, 107, Адаб, 22-23