Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошқалардан охиратдаги афзаллик ва устунликлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охиратда қуйида санаб ўтиладиган жиҳатлари билан бошқалардан устундирлар:
• Қиёматда энг биринчи бўлиб у зотнинг қабри очилиб, тирилиб чиқадилар.
• Энг биринчи бўлиб шафоат қиладиган зот ҳам Набий алайҳиссалом.
• Сажда қилишга изн бериладиган энг биринчи зот ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.
• Раббул оламин Аллоҳ таолони энг биринчи бўлиб кўрадиган зот ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Бу вақтда бошқа махлуқотлар Аллоҳ таолони кўришдан тўсилган бўладилар.
• Пайғамбарлар орасида энг биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига ҳукм қилинади.
• Биринчи бўлиб ўз умматлари билан Сирот кўпригидан ўтишга рухсат бериладиган зот ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.
• Жаннатга энг биринчи бўлиб кирадиган зот ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари ҳам бошқа умматлардан олдин жаннатга кирадилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳад гўзал туҳфалар, нафис тортиқларни зиёда қилиб беради.
• Маҳмуд мақоми, Ҳамд байроғи фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилади. Ана шу Ҳамд байроғи остида Одам алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарлар ҳам жамланишади.
• Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арш олдида Аллоҳ таолога сажда қиладилар. Шу вақтда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга Ўзини мақтайдиган шундай ҳамду саноларни ўргатадики, бундай дуолар у зотдан илгари ҳам, кейин ҳам бирор кишига ўргатилмаган бўлади. Албатта, бундай юксак мақом фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлади. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай марҳамат қилади: «Бошингни кўтар! Сўзла, сени эшитаман. Сўра, бераман. Шафоат талаб қил, шафоат қилишингга рухсат бераман». Албатта, бундай марҳаматдан юқорироқ ҳурмат бўлмаса керак! Агар бўлса ҳам, энг улуғ неъмат Аллоҳ таолони кўриш ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам такрор шафоат берилишини сўраб, худди биринчи марта сажда қилганлари каби иккинчи марта сажда қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яна бундай марҳамат қилади: «Бошингни кўтар! Сўзла, сени эшитаман. Сўра, бераман. Шафоат талаб қил, шафоат қилишингга рухсат бераман». Учинчи марта ҳам худди шундай бўлади. Ҳар сафаргисида Аллоҳ таоло шу сўзларни айтади.
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни Аршнинг ўнг томонида турадилар. Бошқа ҳеч кимга бундай мақом муяссар бўлмайди. Бу мақомга аввалгию охирги инсон зоти ҳавас қилиб қолади.
• Қиёмат куни бошқа умматлар ўзларига келган пайғамбар ўз вазифасини адо этмаган деб даъво қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу пайғамбарларнинг ўз вазифасини адо этганига гувоҳлик берадилар.
• Ўшанда барча инсон зоти ғам-ташвишга тушиб, ўз терига ботиб, ҳисоб-китоб бошланишини узоқ кутиб қолишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шафоат сўрашади.
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳаннамга ҳукм қилинган умматларини шафоат қиладилар.
• Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳавзи Кавсар ато этилади. Унинг атрофида жуда кўп идишлар териб қўйилади.
• Барча мўминлар жаннатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари ила кирадилар.
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатлари орқали баъзи қавмларни улар ўз амаллари билан ета олмайдиган юқори даражаларга етказадилар.
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васила соҳибидирлар. Васила – жаннатдаги энг олий даража саналади.
Пайғамбар алайҳиссаломга ато этилган бошқа неъматлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида санаб ўтилган хусусият ва фазилатларидан ташқари Аллоҳ таоло қиёмат куни аввалгию охирги барча инсонлар гувоҳлигида Пайғамбар алайҳиссаломни улуғлаб, шаън-эътиборларини юқори даражага кўтариб, шарафлаб, иззат-икром қилиб, кўплаб неъматларни зиёда қилиб беради.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Мен қиёмат куни Одам алайҳиссалом фарзандларининг саййидиман. Мен қабри ёриладиган энг биринчи зотман. Мен энг биринчи шафоатчиман. Шафоат қилишга биринчи бўлиб менга изн берилади”.
Абу Саид розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қиёмат куни Одам алайҳиссалом фарзандларининг саййиди бўламан, бу фахрланиш эмас. Ҳамд байроғи менинг қўлимда бўлади, бу фахрланиш эмас. Ўша кунда Одам алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарлар менинг байроғим остида турадилар. Қабри очилиб, ундан энг биринчи чиқадиган менман, бу фахрланиш эмас”, деганлар».1
Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қабри биринчи очилиб, ундан чиқадиган зотман. Кейин Абу Бакр, ундан кейин Умарнинг қабри ёрилади. Сўнгра мен Бақиъ қабристонига бораман. Улар бирга атрофимга тўпланадилар. Сўнгра мен Макка аҳлини кутаман. Кейин биз икки Ҳарам орасида тўпланамиз”, дедилар».2
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Қиёматда) қайта тирилишда (қабрдан) энг биринчи чиқадиган одам менман. У кунда мен жамоатнинг йўлбошчиси бўламан. Жим турганларида сўзловчиси бўламан. Тўсилганларида шафоатчиси бўламан. Ноумид бўлганларида башорат берувчиси бўламан. У кунда каромат ва калитлар менинг қўлимда бўлади. У кунда Ҳамд байроғи менинг қўлимда бўлади. Одам фарзандларининг Раббимга энг мукаррами мен бўламан. Атрофимда гўё (сaдaф ичидa) яширингaн гaвҳaрдeк оппоқ (пoк вa xушсурaт) ёки сочилган дурларга ўхшаш мингта хизматчи айланиб юради”, дедилар».3
Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг
“Икки олам сарвари” китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси
“Ислом нури” газетасидан