21 октябрь – Ӯзбек тили куни
Худонинг фазлидан, дўстлар, шу тилга иқтидорим бор,
Неча тил бор жаҳон ичра, шу тилга ихтиёрим бор.
Ўзи жисмим аро тақдир этибдир лафзи сартийни,
Бўлибман мўътабар бунданким, анга зўр эътиборим бор.
Тилим “ширу шакар” бирла гўдакликдан топиб алфоз,
Тану жисмим камол топган, муқаддас ҳур диёрим бор.
Гаҳи махмурлигим тутса, бўларман ҳофизи хушхон,
“Хазойин ул-маъоний”дек шаробига хуморим бор.
Ҳама шодлик, ҳама қайғу, ҳама дарду ғуборимни,
Ҳама кўнглимда боримни шу тилга интишорим бор.
Менингким, давлатим шу тил, мақомим юксалар шундан,
Фидо бўлган кишиларга шу давлатдан нисорим бор.
Улуғ тил мадҳини куйлаб, юракдан бу ғазал битдим,
Ғазалдек хушравон бўлган, шу тилга ифтихорим бор.
Шараф топмоққа, эй Ашраф, мушарраф бўлмоқни истарсан,
Тилингга эътибор бергин, шу тилда – барча боринг бор.
Ашраф АДИНАЕВ,
Китоб тумани 54-мактаб ўқитувчиси
“Ҳидоят” журналидан