Эҳсонимиз туфайли барака келади
Тошкент ўйинчоқлар фабрикасининг шундоқ ёнгинасида бир новвойхона бор. Ишга кетаётиб, шу новвойхона эшиги олдида талай одамлар навбат кутиб турганига кўп гувоҳ бўламан.
Ҳар гал сўрашга истиҳола қилардим. Лекин бугун атай тўхтаб сўрадим: “Бу ерда нимага шунча одам навбат кутиб турибди?” “Нон олишга…” дея жавоб берди бир киши. “Бошқа жойларда ҳам нон кўп-ку?! Ёки буларнинг нони мазалими?” дедим яна. “Бу новвойхона эгаси ҳар жума кечгача текин нон тарқатади. Ҳар ким иккитадан нон олиши мумкин”, деб изоҳ берди ўша киши.
Рости, эҳсон эгасига ҳавас қилдим. Сабаби, у қанча инсоннинг кўнглини олиб, дуоларига эришиб, охирати учун савоб ғамлаяпти.
Бир дугонамиз кўп фарзандли хонадонга келин бўлди. Йўқлаб борсак, уйлари таъмирталаб экан ва келинга биттагина хона берилган. Дугонамизга ачиниб қайтдик. Вақт ўтиб, у фарзандли бўлди. Чақалоқни кўргани бордик. Лекин дугонамиз бизни бошқа манзилга таклиф қилди. Уйларини кўриб, роса ҳайратландик. Шинамгина ҳовли, мебеллари ҳам сўнгги урфда. Бир йилда бундай ҳолатга ўтганидан лол қолдик. Саволларни ёғдирарканмиз, у бундай деди: “Турмушимизнинг илк кунидан хўжайиним иккимиз чиройли ният қилдик. Бир қути тайёрладик ва унга ҳар куни қўлимизга тушган эҳтиёжимиздан ортиқ пулни солиб, ҳар жума эҳсон қиламиз”, дедик ва эримнинг ишлари юришиб кетди…”
Демак, қўрқмай хайрия қилишимиз керак экан-да, деб ўйладик. Биз эса даромадимизнинг ўндан бирини ҳам эҳсон қилишга қизғанамиз! Масалан, 3 млн. ойлик олсак, 300 мингини ночорларга беришимиз керак. Ичимизда “Вой-вуй, катта пул-у! Ўзимнинг рўзғоримга керак-ку”, деймиз. Эҳсон баракага сабаб бўлишига ишонмаймиз. Модомики, Раббимиз Ўз китобида: “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсон” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят), деб марҳамат қилган. Шайтон ва нафсимиз эса бизни бу хайрдан тўсмоқчи бўлади.
Имкон қадар ошкора-пинҳона садақа-эҳсонни кўпайтиришимиз фақат ўзимизга фойдадир. Тарихда солиҳлар бир дона хурмони ҳам садақа қилганлар. Агар бирон нарса топа олмаса, яхши сўз ёки табассум билан садақанинг савобини умид қилишган. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир яхшилик садақадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Зуҳрахон ҲАМДАМОВА
“Мўминалар” журнали, 12-сон, 2024 йил