Одил ҳукмдорларнинг бешинчиси – Нуриддин Занкий
“Мен Исломгача ва ундан кейин келган ҳукмдорлар тарихини ўрганиш мобайнида хулофаи рошидин ва Умар ибн Абдулазиздан кейин энг адолатли ва улуғ подшоҳ деб Нуриддин Маҳмуд Занкийни топдим”, деб ёзган эди машҳур араб тарихчиси Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ.
Дарҳақиқат уни адолатли подшоҳ деб аташ билан бирга Носир амирал Муъминин, Тақийал Мулук ва Лайсал Ислам деган сифатлар билан ҳам улуғлашган.
Тарихга Нуриддин Занкий номи билан кирган ушбу улуғ зотнинг тўлиқ исми шарифи Абу Қосим Маҳмуд ибн Имомиддин Занкий ибн Оқ-Сунгур. У 1118 йилнинг 11 февралида (ҳижрий 511 йил шаввол ойининг 17 кунида ) Дамашқда туғилган. Миллати турк. У салибчилар ва убайдийлар (яъни друзлар ўзларининг фотимийлардан бўлган халифаси Ҳоким Биамриллаҳни худо деб даъво қилган) бирлашиб Исломга қарши уруш олиб бораётган оғир замонда мусулмонларни бирлаштириб, қисқа вақт ичида катта давлат барпо қилишга муваффақ бўлган. Салибчилардан элликдан ортиқ шаҳар ва қишлоқни озод қилган.
Буюк муфассир ва тарихчи Ибн Касир: “У Аллоҳнинг ҳукмларини чиройли адо этиб, пок шариатни, суннатни маркам ушлаган. Унинг юртида бидъатга ўрин қолмаган”, деб ёзганди. Шунингдек, Ибн Асирнинг хабар қилишича, “У золимнинг жазосини берувчи адолатли подшоҳ бўлган. Кучли ҳам, кучсиз ҳам унинг олдида баробар бўлган. У мазлумларни эътиборсиз қолдирмаган, уларнинг арзини эшитган ва уларга адолат қилган. Унинг довруғи бутун иқлимга таралган. У биринчи булиб қозихона учун иморат солдирган ҳукмдор бўлган. Ҳафтасига икки марта қозилар ва мазҳаблар фақиҳлари иштирокида кенгаш ўтказган. Ўша куни арзу ҳол билан келган одамлар масаласи билан ўзи шуғулланиб, уларнинг ҳукукларини ҳимоя қилган”.
Тарихчилар Нуриддин Занкийни бутун умри жангу жадаллар ичида ўтган бўлса ҳам тунлари намозда қоим бўлганини айтадилар. Тун ярмида туриб таҳорат олиб, тонг отгунча намоз ўқиб чиққани ва эрта тонгда отита миниб, давлат ишига жўнаб кетганини ёзганлар.
Ҳафиз ибн Касир “Ал-бидоя ван-ниҳоя” асарида айтади: «У диний китобларни кўп ўқир, суннатни маҳкам тутар, беш вақт намозни жамоат билан адо этар, Қуръонни кўп тиловат қилар ва хайрли ишларга ошиқарди. Ғазабланган чоғида ҳам ёмон сўз айтмас, вазмин ва камгап эди”. Шунингдек, ҳеч қачон ипакдан кийим киймаган ва доим ўз меҳнати билан тирикчилик қилган.
1174 йили (ҳ. 569 й.) Нуриддин Маҳмуд хасталаниб, тўшакка ётиб колган. У сўнгги нафасигача Аллохнинг мағфиратидан умид килган. Касаллик кучайиб, Аллоҳ учун курашган буюк жангчи Нуриддин Маҳмуд ёруғ дунё билан видолашган. Ҳар доим Аллох таолодан шаҳидликни сўрагани учун уни тарихда Нуриддин шаҳид исми билан ҳам айтишган.
У Масжидул Ақсо озод қилганида хутба ўқишни ният қилиб бир минбар ясатган эди, лекин умри вафо қилмади. Шогирди Салоҳиддин Айюбий у ердан салибчиларни қувиб чиққандан сўнг минбарни Масжидул Ақсога ўрнаттирган. Минбар 1969 йил сионист террористи Майкл Роэн масжидга ўт қўйиб юборгунга қадар сақланиб турган. Ёнғиндан сўнг минбар Иорданияга олиб борилиб, беш йил таъмирланганидан кейин яна Масжидул Ақсога келтириб қўйилган.
Ҳижрий 557 йилда Нуриддин Занкийнинг тушига Пайғамбар алайҳиссалом бир кечада уч марта кириб, “Мени мана бу икки сариқ кимсадан қутқар”, дейдилар.
Маҳмуд Нуриддин Занкий ўша тонгдаёқ ўзи билан бир қанча мол-мулк, йигирма чоғли аскар ва доно вазирини олиб Мадинага йўл олади. Мадина мунавварага етиб келганларидан сўнг Масжиди Набавийга киради ва Равзаи мутоҳҳарада намоз ўқийди. Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдига келиб у зотга салом ва саловот айтади. Кейин эса тушида кўрган кимсаларни таниб олиш учун Мадина аҳлига шахсан ўз қўллари билан совға тарқатади. Аммо уларни учратмайди. Ҳайрон бўлиб Мадина улуғларидан: “Мадинадаги ҳамма совға олиб бўлдими?” деб сўраганида улар мағриблик икки мусофирдан бошқа ҳамманинг келганини айтади. Чунки улар ғоят тақводор кишилар экани, муҳтожларга ҳадя улашишини, аммо ўзлари ҳеч кимдан ҳадя олмасликларини, ҳар куни кечгача Масжиди Набавийда ибодат қилиши, эрта тонгда Бақиъ қабристонига зиёрат боришини айтиб мақташади. Ҳукмдор мусофирларни ўзининг ҳузурига олиб келишларини буюради ва уларни кўргани заҳоти танийди. Улар қўним топган уйни текшириб Ҳужраи саодатга қараб қазилган лаҳмни топади. Лаҳм Ҳужраи саодатга етишига озгина қолган экан. Уларни сўроқ қилишганида асли насроний эканликлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуссаларини ўғирлаш учун келганликларига иқрор бўлади. Улар кечалари лаҳм кавлашар, тонгда эса гўё Бақиъ қабристонини зиёрат қилган кишидек кўриниб, қазиб олганган тупроқни қабристонга тўкиш учун боришар экан. Султон уларни қатл қилади, Ҳужраи саодатнинг атрофини эса чуқур қилиб кавлатпди, атрофига қўрғошин эритиб мустаҳкамлаб қўйдиради. (Имом Барзанжийнинг “Тарихул Мадина”, Ибн Нажжорнинг “Тарихул Бағдод”, Муҳиюддин Табарийнинг “Риёзун назира”, Аллома Саййид Нуриддин Али Самҳудийнинг “Хулосатул вафо” асарлари).
Нуриддин Занкийнинг ким бўлганини кўпларимиз билмаймиз. Унинг адолатпарвар ҳукмдор, қўрқмас баҳодир, миллат ва уммат фидойиси, тақводор, парҳезкор султон бўлгани, ушбу масалаларда қандай буюк мақомга етганини у мўътабар зотнинг тушига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб душманларнинг қилмишини хабар қилганларининг ўзиёқ яққол намоён қилади. Зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бир мартагина тушида кўришни орзу қилиб қанчадан қанча валийлару султонлар ўтиб кетган…
Абдумалик ЖЎРАҚУЛ,
Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ходими
“Ислом нури” газетасидан
http://hidoyatuz.taplink.ws