“Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме масжиди
Сўлим Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” истироҳат боғи ёнида қад ростлаган “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жомеси 20 минг квадрат метр жойда барпо этилган.
Туркиялик малакали меъморлар чизган лойиҳа асосида бунёд этилган кўркам масжид қурилиши 2017 йилда бошланиб 2021 йилда якунланган. Жоменинг 45 метрли икки минораси, баландлиги 36 метр, айланаси 24 метр бўлган катта гумбази ва икки ёндаги кичик гумбазлари бинога ўзгача чирой бериб турибди. Масжид ҳовлисининг умумий майдони тўрт гектарни ташкил этади. Шундан икки гектари 700 ўринли автотураргоҳга мўлжалланган.
Ноодатий лойиҳа асосида бунёд этилган икки қаватли ажойиб масжиднинг хонақоҳи, очиқ намозгоҳлари ва айвонларида бир вақтнинг ўзида 15 минг намозхон ибодат қилиши мумкин. Хонақоҳнинг ўзига 4,5 минг киши сиғади.
Бир вақтда 100 кишига хизмат қиладиган таҳоратхона замонавий иситиш ва совитиш тизимлари билан жиҳозланган.
Бу ерда анжуманлар зали ва узоқдан келган меҳмонлар учун ҳам алоҳида шароитлар қилинган.
Мажмуанинг каттагина кутубхонаси ҳам бор, электрон кутубхона тизими ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Масжидга кирган намозхон ибодат вақтига қадар диний китобларни ўқиш билан билан бирга баъзи асарларнинг электрон вариантини мутолаа қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Масжид мажмуасида Наманган шаҳар вакиллиги ҳам фаолият юритади. Бундан ташқари, мажмуадан имом-хатиб, ноиблар, маъмурият хоналари, қоровулхона, техник ходимлар хонаси ўрин олган.
Тарихий маълумотларга кўра, ушбу жойда ўнинчи юзйилликларда Буюк Ипак йўлининг катта карвонсаройларидан бири бўлган. Унинг ичида масжид ҳам фаолият юритгани қайд этилган. Ҳозирда масжид Наманган шаҳридаги Давлатобод туманидаги “Юқори Ғирвон”, “Фурқат” ва бошқа маҳаллалар аҳолисига хизмат қилиб келмоқда.
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws