Кашандалик – бахт кушандаси
Хотин-қизларнинг чекиши – жамиятимизнинг оғриқли масаласи. Носоғлом муҳитнинг шаклланиши, ҳам жисман, ҳам руҳан мажруҳ болаларнинг дунёга келиши ҳам шундан.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Аёллар орасида “пассив чекувчи”лар тоифаси кўпчиликни ташкил этади. Улар – тамаки тутунидан нафас оладиганлар ҳисобланади. Бунинг зарари ҳам чекишдан асло кам эмас.
Айниқса, ҳомиладорликда тамаки чекиш ёки пассив чекиш ҳомила тушиши, эрта туғуруқ, қон айланишининг ёмонлашуви ва ҳатто ўлим хавфини оширади. Шунингдек, тухум ҳужайраларига зарар етказиб, ҳомиладор бўлиш қобилиятини камайтиради. Ўпка, оғиз бўшлиғи ва бошқа органларда саратон хавфини кескин оширади. Қон томирларни зарарлаб, юрак қон-томир касалликлари ва инсультга сабаб бўлади. Ёшлар орасида кўпайиб бораётган бефарзандлик шунинг оқибати бўлиши мумкин.
Тадқиқотларга кўра, тамаки истеъмоли асосан ўсмирлик ёшидан бошланиб, чекувчи аёллар сони кўпроқ 25–45 ёш оралиғида кузатилади. Руҳий тушкунлик чекишнинг бош омилидир. Аёл ўзидаги тушкунликни енгиш учун чекади. Чунки таркибидаги никотин сабаб тамаки танани бўшаштиради. Баъзан қариндоши, дўсти ва яқин одамларида ҳам бу одатнинг борлиги таъсир қилади. Афсуски, “мода” учун чекаётганлар ҳам йўқ эмас.
Кашандалик аёлнинг бачадон тухум ҳужайраларини зарарлаб, унинг ҳомиладор бўлмаслигига сабаб бўлади. Чекадиган онадан туғилган болаларда эса тана вазни кам бўлади ва нафас йўли касалликлари кўп учрайди. Шунингдек, чекиш эрта қаришга олиб келади. Кальций камайиши, С витамини етишмаслиги тери шалвираб қолишига сабаб бўлади. Кашанда шифокорга мурожаат қилиши ва бир вақтнинг ўзида психолог билан ҳам ишлаш зарур. Аввало, тўғри овқатланишга эътибор бериш керак. Танани никотиндан тозалаш учун кўп миқдорда сув ичиш, антиоксидантларга бой маҳсулотлар (мевалар, сабзавотлар) истеъмол қилиш, жисмоний фаоллик, спорт ва югуриш чекиш истагини камайтиради ҳамда руҳий зўриқишни енгишга ёрдам беради.
Тамаки чекувчига ҳам, атрофдагиларга ҳам бирдай зарарлидир. Шундай экан, Аллоҳ бёрган умрни, соғлик
ни эҳтиёт қилиш шарт. Акс ҳолда, қиёматда сўроғи оғир бўлади.
Моҳира МЎМИНОВА,
шифокор-нарколог
“Мўминалар” журнали, 4-сон, 2025 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws