ИНТИЗОРЛИК. Ваҳийнинг тўхтаб қолиши
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хадича онамиз билан Варақанинг олдидан чиққанларидан кейин олдинда жуда масъулиятли вазифа кутаётганини англадилар. Бунда қандай дир қувонч билан бирга ташвиш ҳам бор эди…
Орадан анча вақт ўтди. Бироқ Жаброил алайҳиссалом бошқа келмади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ўқи!” деган амрни олиб келган фаришта яна ваҳий олиб келишини кутардилар. Баъзида шу мақсадда Ҳирога чиқардилар.
Кунларнинг бирида яна ғорга чиқиб, қайтиб келаётганларида бирдан “Ё Муҳаммад!” деган овозни эшитдилар. Тепага қарадилар ва осмон билан ернинг ўртасида Жаброил алайҳисссаломни кўрдилар. Ундан қўрқиб кетдилар. Уйлари томон чопдилар, ичкари киришлари билан: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бурканган зот! Тур ва огоҳлантир! Ва Раббингни улуғла! Ва кийимингни покла! Ва қақшатқич азобдан четлан!» (Муддассир, 1–4) оятларини нозил қилди.
Яъни, “Ё Муҳаммад, ҳозир кўрпага ўраниб оладиган вақт эмас, зиммангизга буюк вазифа юклатилган. Энди сиз одамларни Аллоҳнинг азобидан, охират кунидан огоҳлантиринг” дегани эди бу.
Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлган кунларидан бошлаб Хадича онамиз “Ё Расулуллоҳ” деб чақирадиган бўлди. Биринчи бўлиб имон келтирди. Жаброил алайҳиссалом оёқларини ерга уриб сув чиқарди ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга таҳорат олишни ҳамда намоз ўқишни ўргатди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса Хадича онамизга ўргатдилар. Биринчи бўлиб намоз ўқиган ва иқтидо қилган (эргашган) саҳоба Хадича розийаллоҳу анҳо бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликлари бут-санамларга сиғинган, залолат ботқоғига ботган, одамлар қизларини тириклай кўмаётган жоҳилият даврига тўғри келди. Бир оилада қиз фарзанд дунёга келиши ор саналарди, кимникида қиз туғилса, оила аҳли учун мусибат бўларди. Ота билан бола ўртасидаги муносабатлар бузилган, фаҳш, зино авжига чиққанди. Мана шундай қийин вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарлик вазифаси юклатилди. У зот расул бўлганларини энг яқин биродарлари Абу Бакрга билдирдилар. У зот бўлган воқеаларни сўзлаб бердилар. Абу Бакр розийаллоҳу анҳу ҳеч иккиланмай имон келтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Исломни арз қилган бўлсам, у бироз ўйланиб, фикр қилиб жавоб берган. Фақатгина Абу Бакр сўзларимни эшитиши билан “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу”, деган».
Шу тариқа аста-секин Исломга кирганлар кўпайиб борди. Эркаклардан Абу Бакр Сиддиқ, аёллардан биринчи бўлиб Хадичаи Кубро, қуллардан Зайд ибн Ҳориса, ёшлардан Али ибн Абу Толиб имон келтиришди. Ислом дини бири аёл, бири ёши улуғ, бири ўсмир, бири қул бўлганлар билан бошланди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом ғариб ҳолатда бошланди ва қандай бошланган бўлса, ўшандай ғариб ҳолга қайтади. Ғарибларга Тубо бўлсин!” деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу ҳам ён-атрофдаги таниган-билганларини динга тарғиб қила бошлади. Абдураҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом, Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос мусулмон бўлди. Секин-асталик билан улар ўттиз-қирқ нафарга етди.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ” китобидан
http://hidoyatuz.taplink.ws