Аёллар таъбирида Ватан тушунчаси
Иброҳим Ҳарбий “Ғарибул ҳадис” китобида қуйидаги ҳикояни айтади: “Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳишомайний Махзумий бир кишидан ривоят қилади: “Одамлар Маккадан Шомга сафарга отландилар. Йўлда уларга бир қаср кўринди. Бир-бирларига қараб, тахминан бир мил юрсак, қаср ҳовлисида бироз мизғиб оламиз, дейишди. Ана ўша ҳолатда турган эдилар бирдан қаср эшиги очилиб, чанқаган оҳу мисол бир аёл чиқиб, эшикни қўли билан сурди.
– Қайси қабиладансиз? – деди аёл.
– Турли ерданмиз, – дедик биз.
– Орангизда Маккадан бирор киши борми?
– Бор.
Шунда у шеър айта бошлади:
Эй бизлардан манзил сўраган киши,
Яқин манзилимиздир – Уқҳувона.
Соф ҳаётни булғар иғвогар иши,
Хабарин бермайди бундан замона.
Юртда дардли бўлса бирор кас,
Унга бу ранжда шерикмиз, бас!
Бу қаср мен учун ватанлиги ҳақ,
Маккам Ватан, қарздорман барҳақ.
Ундан кейин бир чуқур нафас олиб, ҳушидан кетди. Шунда қасрдан бир букчайган кампир чиқиб, унинг юзига сув сепди.
Кампир: – Солар ҳар кун неча марта бу ҳолатга, Ўлмоқ яхши бу ҳаётдан, қасам Роббга! – деди.
– Ҳой онахон, бу аёлнинг тарихи қандай?
– Бу маккалик бир кишининг чўриси эди. Уни сотганидан бери Маккага иштиёқ билан талпинади, Ватанини эслайди”, – деди кампир”.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг “Исломда ватан тушунчаси” китобидан
http://hidoyatuz.taplink.ws