Охират сафари олдидан…
Ислом динида ўлимдан олдин ва кейин бажариладиган бир неча амаллар мавжуд. Уларнинг бошида ўлимни доимо эслаш туради.
Қуръони каримда ўлим ҳақ экани таъкидланиб бундай дейилган: “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 35-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунё ҳаёти ўткинчи экани, унга гўё мусофирдек муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақида хабар берганлар.
Паймонаси тўлган кишини абадий сафарга руҳан тайёрланиши учун унга шаҳодат калимасини талқин қилиш муҳим амаллардан бири саналади. Яъни бирор яқини унга эшитарли тарзда тавҳид ва шаҳодат калималарини паст овозда такрорлаши лозим. Бошқа бир ҳадисда Расули акрам алайҳиссалом: “Ўлганларингиз (ёки ўлим арафасида бўлганларингиз) олдида Ёсин сурасини ўқинглар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти). Бу сурани ўқишнинг ажру савоби кўп.
Ўлимни мақтов сўзлари билан эълон қилиш макруҳ. Бирор киши вафот этганида унинг жанозасини тезлаштириш, танишбилишларга овоза қилиш, унда иштирок этишнинг савоби улуғ. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким иймон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса, жанозаси ўқилиб, дафндан фориғ бўлгунча турса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жанозани ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Жаноза хабарни эшитган киши: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” (Биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтамиз) деб айтиш тавсия қилинади.
Ҳанафий мазҳабига кўра, киши ўлган пайтдан то маййит ювилмагунча унинг ёнида Қуръон тиловат қилиш макруҳ саналади.
Акбар РАСУЛЕВ,
мустақил тадқиқотчи
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 11-сонидан