Сўз – малҳам: ками фойда, кўпи зарар
Инсоннинг одоб-ахлоқи, қалб поклиги ва жамиятдаги обрўси кўп жиҳатдан муомала одобига боғлиқ. Тил яхшиликка хизмат қилса, муҳаббат ва тотувлик келади, акс ҳолда адоват ва норозилик урчийди. Шунинг учун ҳар бир мўмин тилини назорат қилишга масъул.
Бир оғиз сўз инсонни ё яхшиликка ёки ёмонликка етаклайди. Кимнинг сўзи мулойим ва маъноли бўлса, у ақл ва ҳикмат соҳиби ҳисобланади. Умумий ахлоқ нуқтаи назаридан ҳам яхши сўз муносабатларни мустаҳкамлайди, ёмон сўз эса бузади. Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. “Одамлар орасида яраштириш учун яхшиликни етказувчи ёки яхши сўз айтувчи киши ёлғончи эмас”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис яхши сўзнинг инсоний муносабатлардаги беқиёс аҳамиятини кўрсатади. Ақлли инсон сўзини ўйлаб гапиради, ҳатто унга ноҳақ сўз айтилса ҳам ҳақорат билан жавоб бермайди. Кундалик ҳаётда ғазаб ёки ҳиссиёт туфайли айтилган ёмон сўз кўп йиллик дўстликни бузиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир мўмин тилини ёмон сўзлардан асраб, Пайғамбаримиз кўрсатмаларини ҳаётига татбиқ этиши зарур.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Мўмин – кўп таъна қилувчи, кўп лаънатловчи, фаҳш сўз (беҳаё сўз) айтувчи ва сўконғич бўлмайди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “муфлис” ким эканини тушунтириб бундай дедилар: “Ҳақиқий муфлис – қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келадиган, аммо кимнидир ҳақорат қилган, молини ўзлаштирган, қонини тўкиб ёки қалбини синдирган киши. Унинг яхшиликлари жабр кўрганларга берилади. Агар яхшиликлари тугаса, жабрланганларнинг гуноҳлари унга юкланади” (Имом Муслим ривояти).
Бир оғиз ёмон сўз солиҳ амалларни ҳам йўққа чиқариши мумкин. Дўстлик ва қариндошлик алоқалари ёлғон, ғийбат ёки бўҳтон сабабли бузилади. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтган: “Сўз – малҳам: кам ишлатсанг – фойда беради, кўпайтирсанг – зарар қилади”.
Тилдан келадиган офатлардан қутулишнинг энг осон йўли – сукут. Жим туриш фикрни тиниқлаштиради ва инсонни беҳуда сўзлардан асрайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам боласи тонгда турса, унинг барча аъзолари тилга мурожаат қилиб: “Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз”, дейишади» (Имом Термизий ривояти).
Шу боис ҳар бир мўмин сўзининг оқибатини ўйлаб гапириши, зарар келтирувчи ёки фойдасиз сўзлардан тийилиши керак.
Нуруллоҳ ХОЛИҚОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 24-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws