Аллоҳга маҳбуб амал
Ислом таълимотида кўз ёш фақат ҳиссиёт ёки заифлик белгиси эмас. Аксинча, қалбнинг уйғоқлиги, Аллоҳга бўлган муҳаббат ва иймон ифодасидир. Аллоҳ таоло айрим кўзларни шундай шарафладики, уларга дўзах олови тегмайди. Набий алайҳиссалом айтадилар: “Икки кўз дўзах ўтида куймайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ йўлида ухламай, қўриқлаб чиққан кўз” (Имом Термизий ривояти).
Ҳадисда Аллоҳдан қўрқиб йиғлашнинг улуғ мақоми баён қилинмоқда. Чунки бу йиғи – қалбдаги ихлос ва тақвонинг белгисидир. Аллоҳдан қўрққан киши гуноҳларидан ҳаё қилади, қалби юмшайди ва тавбага мойил бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа ҳадисда: “Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзлар сут елинга қайтмагани каби дўзахга кирмайди. Аллоҳ йўлида босилган қадамдан чиққан чанг билан дўзахнинг тутуни жамланмайди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Яъни Аллоҳнинг қаҳридан қўрқиб тўкилган бир томчи кўз ёш бандани дўзах оловидан асрайди. Бу ихлос билан қилинган тавбанинг кучини кўрсатади. Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расули акрам алайҳиссалом: «Аллоҳ учун икки томчи ва икки издан кўра маҳбуброқ нарса йўқ: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёши ва Аллоҳ йўлида тўкилган қон томчиси; Аллоҳ йўлида босилган қадам изи ва Аллоҳнинг фарзларидан бири учун босилган қадам изи, дедилар».
Бу ҳадис инсон амалларининг қийматини кўрсатади. Аллоҳ йўлида қилинган ҳар бир ҳаракат, ҳатто йиғи ёки қадам ҳам, агар у ихлос билан бўлса, Парвардигорнинг назаридан четда қолмайди. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинган машҳур ҳадисда етти тоифа инсонлар зикр қилинган бўлиб, улар қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясида бўладилар. Улар орасида Аллоҳни хилватда зикр қилиб, кўзларидан ёш тўккан бандалар ҳам зикр қилинган.
Бу ҳолат Аллоҳ билан банданинг сирли муҳаббат ва муҳосаба лаҳзасидир. Яъни инсон одамлар олдида эмас, балки хилватда, ҳақиқий эҳтиром ва муҳаббат билан Раббини эслаб йиғласа, Аллоҳ уни қиёматда иззат билан соялантиради.
Баъзи салафлар бундай дейишган: “Аллоҳдан қўрқиб йиғла! Йиғлолмасанг, ўзингни йиғлаётгандек ҳолга сол!” Яъни, инсоннинг қалби қаттиқ бўлиб, кўз ёш чиқмаса ҳам, у Аллоҳдан ёрдам сўраб, қалбини юмшатишга ҳаракат қилсин. Бу жуда муҳим. Чунки баъзан одамлар намойишкорона йиғлаб, Аллоҳнинг розилигидан кўра инсонларнинг эътиборини истайдилар. Бундай йиғи савоб эмас, гуноҳ бўлади.
Чин ихлос билан Аллоҳ учун йиғлаш жуда кам ҳолатларда бўлади. Чунки ҳар бир йиғида нафс, ҳиссиёт ёки бошқа дунёвий сабаблар аралашиши мумкин. Шунинг учун банда ўзини доимо текшириб туриши керак.
Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш – банданинг қалбини поклайди, гуноҳларини ювади ва уни Раббига яқинлаштиради. Ҳақиқий кўз ёш тавбанинг, муҳаббатнинг ва тақвонинг белгисидир. Шунинг учун уламолар: “Аллоҳдан қўрқиб йиғла! Агар йиғлолмасанг, қалбингни тузат. Чунки у қотиб қолган бўлиши мумкин”, дейишган.
Обидхон ИКРОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакили биринчи ўринбосари
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 21-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws