“Ишонч ва ҳалоллик – шиорим…”
Икром Бобобеков Кармана тумани “Хўжа Сабр ота” жоме масжиди имом-хатиби. 32 йилдан буён Навоий вилоятининг бир қанча жомеларида имом бўлиб ишлаб келяпти.
– Илк бор жума намозини ўқиб берганингизни эслай оласизми? Ўшанда нималарни ҳис қилгансиз?
– Илк жума намозини Кармана туманидаги “Қосим Шайх” масжидида ўқиб берганман. Ўшанда жамоатнинг кўплиги ва жуманинг масъулиятидан жуда ҳаяжонланганман. Гарчи жума хутбасини ёддан билишимга қарамасдан, бироз ўзимни йўқотиб қўйганман. Аммо Аллоҳнинг байтида, минбарда турганимни ҳис қилиб ўзимни ўнглаб олганман.
– Ёшларнинг одоб-ахлоқли, билимли бўлишлари, бузуқ ақидалар таъсирига тушиб қолмаслиги учун нималар қилиш керак деб ҳисоблайсиз?
– Аввало, уларни илмли қилишимиз, қўлига телефон эмас, китоб тутқазишимиз керак. Маънавий-маърифий саводхон бўлиши учун уламоларимиз эътироф этган асарлар ҳамда адабиётларни доимий мутолаа қилиб туриши муаммога ечимдир.
– Жамоат билан ишлашдаги муҳим тамойилларингиз нимадан иборат?
– Ўзаро ишонч, ҳалоллик энг асосий тамойилим. Шу билан бирга, муаммо билан келган ҳар бир фуқарога имкон қадар ёрдам бераман. Ночор, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор оилаларга ҳомийларни жалб этиш ҳам муҳим ишларимиздан.
– Мўмин банда учун ҳаётда нима муҳим?
– Аввало, ҳалол ва ҳаромни ажрата олиши, нафс тарбиясига доимо эътиборли бўлиши, ота-она ва аҳлига ва ўзгаларга яхшилик пайидан бўлиши лозим. Шунингдёк, Ватанга муҳаббат ҳисси билан яшаш ҳам мусулмоннинг бурчидир.
– Жамиятда бирлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашнинг самарали йўли нима? – Одамлар билан доимо самимий муносабатда бўлиш.
Ҳусниддин САДРИДДИНОВ суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws