Нажотнинг уч йўли
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Нажот нима (нарса)да?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Эй Уқба, тилингга молик бўл, уйинг сени сиғдирсин ва хатоларингга йиғла”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
Ҳадисдан хулоса шуки, инсон бирор илмли кишига йўлиқса, ундан дини ва дунёси учун нажот бўладиган нарсалар ҳақида сўраб олиши керак. Вақтни зое қилиб, фурсатни қўлдан бой бериб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳалокатга дучор этмаслиги лозим.
“Нажот нимада?” Бу ерда икки дунё нажоти ҳақида гап кетмоқда. Чунки дунё ҳаётида нажот топган киши, албатта, охиратда ҳам саодатга эришади. Зеро, дунё охиратнинг муқаддимаси, охират эса бу фоний дунёнинг хулосасидир.
Ислом амал қилиш осон бўлган диндир. Боиси шариат ишларида банданинг тоқати, имконияти ва қудрати инобатга олинади. Нажот йўллари жуда кўп. Мазкур ҳадисда нажотга осон ва тез борадиган учта нарса зикр қилинмоқда.
“Тилингга молик бўл”. Инсон тилга молик бўлиш орқали нажотга эришади. Тилдан бирор сўз чиққунича инсон ўша сўзнинг молики – эгаси ҳисобланади. Тилдан чиққанидан кейин унинг асирига айланади.
Тил бу – Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан. Чунки у билан инсон ўз фикрларини, дардларини бошқаларга бемалол етказиб бера олади, адашган инсонларга йўл кўрсатади, зикрлар қилиб, савобларга ноил бўлади. Энг катта ибодатлар ҳам, энг катта гуноҳлар ҳам шу орқали бажарилади. Кичик бўлишига қарамай, барча аъзолар тилга қараб туради. У тўғри бўлса, қолган аъзолар ҳам тўғри бўлади, у бузилса, қолган аъзолар ҳам фасодга юз тутади.
“Тил кичик бўлса-да, катта гуноҳлар қилувчи аъзодир”. Аллоҳ таоло суяксиз тилни тишлар билан, унинг устидан эса лаблар билан ўраб қўйганига қарамай, гоҳида у ҳаддидан ошиб, гуноҳларга “хизмат” қилиб қўяди.
Уламолар тил офатлари тўғрисида турли рисола ва китоблар таълиф этишган. Уларда тилдан содир бўладиган гуноҳлар ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз кетади. Аллома Абдулғани Нобулсий раҳматуллоҳи алайҳ тилга оид 70 та офатни санаб ўтган. Уларнинг аксарияти гуноҳи кабиралардир.
Абул Ҳасан Харақоний раҳматуллоҳи алайҳ тил тарбияси ҳақида одамларга насиҳат қилиб бир ривоятни келтиради: «Бир куни Луқмони Ҳаким ўғлига: “Эртага рўза тутасан ва ифторликни менинг ҳузуримда қиласан. Оғиз очишдан олдин бир кунлик гапирган гапларинг ҳисоботини берасан”, деди. Эртаси куни ўғил рўза тутган ҳолида отасининг ҳузурига бориб, саҳарликка қадар ҳисоб берди. Таомланмай иккинчи кун рўзасини тутди. Эртаси куни озроқ гапирди. Шунда ҳам ярим тунгача ҳисоб берди. Учинчи куни ҳеч нарса гапирмади. Сўнгра ота ўғлига: “Ифторлик қилавер”, деди».
Абул Ҳасан ҳазратлари сўзида давом этиб айтади: “Ҳой биродарлар, қиёматда ҳаммамиз нинг ҳолимиз ҳам, ҳисобимиз ҳам шундай бўлади. Шунинг учун тилимизга ҳушёр бўлайлик!”
“Уйинг сени сиғдирсин”. Яъни уйингга ўзинг сиғадиган муҳитни ярат. Чунки уй ин соннинг энг кўп вақт ўтказадиган ошиёни. Қуръони каримда хотиржамлик, ором, сакинат, роҳат маъноларини ифода қилувчи “сакан” сўзи уч бор келган. Улардан бири уйга нисбатан ишлатилган: “Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди” (Наҳл сураси, 80-оят).
Агар киши тор либос кийиб олса, унинг ҳаракат қилиши, ўтириб-туриши қийинлашади. Худди шунингдек, инсон бахтга эришиши учун, аввало, унинг уйи маънан кенг бўлиши керак. Шунда у ҳақиқий бахтга эришади. Ўз уйига сиғмаган инсон эса бахтга ҳам эриша олмайди, бошқа ерга ҳам сиғмайди.
Яқинда олимлар Анкабут сурасининг 41- оятини чуқур ўрганиб, унинг илмий мўъжизасини кашф этишди. Ояти каримада бун дай дейилган: “…Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки, билсалар эди”.
Олдинги тафсир китобларида “…энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир” ояти ўргимчак инининг қўрғони йўқлиги, ёмғир, шамол, иссиқ, совуқ ва бошқа офатлардан сақлай олмагани учун заиф, деб тафсир қилинган. Лекин олиб борилган илмий тадқиқотлар оятнинг бошқа нозик қиррасини очиб берди.
Аниқланишича, ўргимчак тўри инсон соч толасидан 400 баробар пишиқ экан. Ҳатто баъзи ҳимоя воситалари ўргимчак тўри моддасидан ясалар экан. У шу даражада мустаҳкам бўлса, заифлиги нимада? Масаланинг ечими бошқа томонда. Олимлар ўргимчакнинг яшаш тарзи, қандай кўпайишини ўрганишга киришдилар. Натижада ақлбовар қилмас мўъжизага гувоҳ бўлишди. Ўргимчакнинг урғочиси эркагига нисбатан жуссаси каттароқ бўлар экан. Нар ўргимчак уясига, асосан, уч мақсадда кирар экан. Қорнини тўйдириш, ухлаб дам олиш ва яқинлик қилиш учун. Мақсад ҳосил бўлгач, нар ўргимчак зудлик билан инини тарк этаркан. Бўлмаса, урғочиси уни еб қўяркан. Ундан ташқари, ўргимчакнинг урғочиси ҳам агар болалари оч қолса, емишга айланаркан. Бу эса ўргимчак уясида муносабатлар ўта нозик, хатарли эканини кўрсатади.
“Кошки, билсалар эди” ояти орқали Аллоҳ тао ло бундай хитоб қилмоқда: “Ҳой мусулмонлар! Сизларнинг ҳам хонадонингиз фақат уч мақсад учунгина кириладиган энг заиф уй – ўргимчакнинг уясига, оиласига ўхшаб қолмасин!”
“Хатоларингга йиғла”. Инсон борки, хато-камчиликдан холи эмас. Хато вақтида тавба-тазарру қилиш нажотга сабаб бўлади. Ҳакимлардан бири айтади: “Шундай кишилар борки, худди хазина излагандек ўзгаларнинг камчилик ва хатоларини қидиради. Бу эса азобга дучор қилади”. Шу боис киши доим ўзини ислоҳ қилиш пайидан бўлиши лозим.
Инсоннинг хатоларини кўз ёши ювади. Ҳакимлар айтади: “Кўз ёш шундай нарсаки, ташқарига тўки лади, лекин ичкарини тозалайди”. Холи жойда Аллоҳдан қўрқиб кўз ёш тўкишнинг ажри шу даражада улуғки, бундай инсонлар қиёматда Аршнинг соясидан жой олишади. Зеро, Пайғамбаримиз сол лаллоҳу алайҳи ва саллам ёш тўкмайдиган кўздан паноҳ сўраганлар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан йиғ ла майдиган кўздан паноҳ (беришингни) сўрайман” (Ибн Ҳажар, “Фатҳул Борий”).
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws