Бахшитепада “Беҳбудий боғи” барпо этилади
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида жадидчилик ҳаракати етакчиларидан, маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан у таваллуд топган Бахшитепа маҳалласида “Беҳбудий боғи”, уй музейи ва кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ҳокимият вакиллари, зиёлилар, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирок этди.
***
Маҳмудхўжа Беҳбудий муфтий, ёзувчи, публицист, драматург ва жамоат арбоби сифатида Туркистон халқининг илм-маърифати йўлида улуғ ишларни амалга ошириб, асарлар, долзарб мавзуда мақолалар ёзган. Мақолаларидан парчалар келтирамиз.
“Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласидан (1915): “Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захм-у маразнигина гумон этарсиз? Ёинки сил, сил-ар-ия ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевақо, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонликларни шаҳарий ва қишлоқий ёинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизгача истило этиб, бутун тириклигимизга сорилган ва бизни инқирозга ва таҳликага ва жаҳаннамга юмалататургон тўй, азо исмидаги икки қаттол душманни дерман…
…Тўй ва таъзияга сарф қилинатургон оқчаларимизни биз туронийлар илм ва дин
йўлига сарф этсак, албатта, овруполиклардек тараққий этармиз ва ўзимизда, динимизда обрў ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизга давом этсак, дин ва дунёда зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.
“Аъмолимиз ёинки муродимиз” мақоласидан (1913): “Ҳой, ҳой, халойиқ! Бизлар девонамимиз ё соғ? Албатта… Биз тўй ва маърака ҳаёлидан лаззат олардук. Тўй-у маъракамиз ила фахр қилар эдук. Тўйю маъракага сарф қилинатургон оқчани жамламоқ ё қўлга киргузмоқ учун ҳаракат этардук. Агарда тўй ва маъракага қадимгидек оқча тўкмасак, ул оқчани на қилмоқ керак? Мунга жавоб берилурки, тўй ва маърака қилинсун. Аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва
мумкин қадарича кичик қилинсун. Тўй-у маъракага сарф қилинатургон оқчани эски
мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларнинг шикаст-рехтларига сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан болаларни ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулга ва Русия дорилфунун ва доруссаноатларига юборилиб диний ва дунёвий ва замоний одамлар етиштирмоққа саъй қилинсун”.
Маҳмудхўжа Беҳбудий:
– ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар ёзган. Жумладан, “Рисолаи асбоби савод” (1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” 1905), “Мунтахаби жуғрофияи умумий” (1903), “Китобулатфол” (1904), “Мухтараси тарихи ислом” (1904). “Амалиёти ислом” (1905) каби дарслик ва китоблар.
– 1911 йили биринчи ўзбек драмаси “Падаркуш” асарини ёзди.
– 1913 йил апрелдан “Самарқанд” газетасини, шу йили 20 августдан “Ойина” журнали нашрини йўлга қўйган.
– 1913 йили “Нашриёти Беҳбудия” нашриёти ва Туркистондаги илк “Кутубхонайи Беҳбудий” кутубхонасини ташкил қилди.
– 1914 йили Шарқ ва Европа мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилиб, “Саёҳат хотиралари” китобини ёзди.
– Самарқандда усули жадид мактабини очди.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws