Дин хизматига бахшида умр
Шайх Юсуфхонтўра Шокиров ўтган асрда динимиз равнақига улкан ҳисса қўшган забардаст уламолардан эди. У зот даҳрийлар тузуми ҳукм сурган мураккаб даврда Исломга хизмат қилиш, шариат аҳкомларини халққа етказиш борасида матонат кўрсатди.
1926 йилда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида диндор, зиёли оилада дунёга келган Юсуфхонтўранинг ёшлиги уруш даврига тўғри келди. Очарчилик ва оғир меҳнат азобларига дуч келган навқирон йигит жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишласа-да, келажагини илм-маърифатда кўрди. Бошланғич диний сабоқни отаси Олимхонтўра Соғуний раҳимаҳуллоҳдан олгач, Мир Араб мадрасасида таҳсилни давом эттирди. Устозларидан қунт билан илм ўрганди. Мадрасада ўқиб юрган кезлари отаси ҳаж зиёратини адо этди. Қайтиб келгач, яқинларига муборак сафар таассуротлари ҳақида гурунг бераркан, Мисрдаги дунёга машҳур ал-Азҳар университетини ҳам таърифлади. Шу кундан бошлаб Юсуфхонтўранинг фикри-зикрини ўша даргоҳда ўқиш иштиёқи эгаллади. Ўша пайтларда бунинг учун тегишли идораларнинг рухсати талаб қилинарди. Қайта-қайта жўнатган ёзма мурожаатларидан сўнг, 1955 йилда унга жавоб хати келди. “Мир Араб” мадрасаси битирувчиси Юсуфхонтўра Шокиров ал-Азҳар университетига ўқишга юборилди. 1961 йили бўлажак олим ушбу университетнинг араб тили ва адабиёти факультетини “аъло” баҳоларга тугатиб қайтди. Диний идоранинг халқаро бўлими мудири бўлди.
Юсуфхонтўра Шокиров 1962–1967 йилларда ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУ) Шарқ филологияси факультетининг кечки бўлимида таҳсил олди. Кейин Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида “ал-Азҳар университети – минг йиллик тарихга эга бўлган араб филологияси маркази” мавзусидаги диссертация устида ишлади. Араб, форс, турк, рус, инглиз тилларини пухта билиши қўл келиб, 1975 йили Москвада номзодлик ишини ҳимоя қилди.
Шайх Юсуфхонтўра йирик диний арбоб ҳамдир. У киши Тошкент ислом институтининг биринчи ректоридир. 1975–1997 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида раис ўринбосари, 1997 йилдан умрининг охиригача бош маслаҳатчи вазифасида ишлади. Шу йиллар мобайнида у Осиё ва Африка мамлакатлари ҳамкорлиги ташкилоти ҳамда Тинчлик қўмитаси аъзоси сифатида кўплаб халқаро анжуманларда сермазмун маърузалари билан қатнашди.
У зот “Мир Араб” мадрасаси ва Тошкент ислом институтида араб адабиёти, тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан дарс берди. Қатор асарлар, жумладан, “Ислом – иймон, эътиқод ва ҳаёт тарзи” китоби нашр этилди. Олим, шунингдек, 1991-1992 йилларда табдил қилинган “Қисаси Рабғузий” китобидаги оят ва ҳадисларни таржима қилди, 4 жилдлик “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”ни тузишда иштирок этди.
Умри дин хизматида кечган аллома етмиш тўрт ёшида, яъни 2000 йилнинг 28 сентябрида Тошкент шаҳрида вафот этди.
Устоз сабоғини олган кўплаб шогирдлари ҳозирда мамлакатимизда ва қўшни давлатларда масъул вазифаларда ишламоқда.
Тўлқин ШЕРНАЕВ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан