Азонни эшитган киши
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Азонни эшитганингизда муаззин айтган сўзларни такрорланг”, деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Азонни эшитганда: “Аллоҳумма Робба ҳазиҳид даъватит тааммаҳ вассолатил қоимаҳ, ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъаттаҳ” (Ушбу комил дуонинг ва қоим бўлган намознинг эгаси Аллоҳим, Муҳаммадга васила ва фазилатни бер, у зотни ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтир), деган кишига қиёмат куни менинг шафоатим ҳалол бўлади», дейилган.
Имом Косоний айтади: “Азон ва иқоматни эшитган киши унга қулоқ солиш ва жавоб қайтариш учун ҳамма ишларни, суҳбатни тўхтатиши керак. Ҳатто Қуръон тиловати ёки бошқа хайрли ишлар билан машғул бўлса ҳам, уларни тўхтатиб, азонга жавоб қайтаради” (Бадоеъу саноеъ).
Ибн Журайж айтади: «Менга хабар беришларича, одамлар азонга Қуръон тиловатини тинглагандек қулоқ тутиб, муаззиннинг сўзларини такрорлашган. Агар муаззин: “Ҳайя ъалас солаҳ (намозга шошилинг)!” деса, улар: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дейишган. Қачонки: “Ҳайя ъалал фалаҳ (нажотга шошилинг)!” деса, “Маа шаа Аллоҳ”, дейишган» (Мусаннафи Абдураззоқ).
Демак, азон айтилганида, уни диққат билан тинглашимиз ва унга жавоб қайтаришимиз керак экан. Жавоб бериш муаззиннинг орқасидан азон калималарини такрорлаш билан бўлади. Масжидга кетаётган киши азон калималарини такрорлаган ҳолида йўлида давом этади.
Афсуски, кўпчилигимиз, ҳатто диний илмга эга бўлганларимиз ҳам, азонга қулоқ солиш ўрнига бемалол гаплашишда давом этаверамиз. Бу Аллоҳ таолонинг шиорларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига нисбатан ҳурматсизликдир. Шунинг учун бу масалага ҳар биримиз жиддий қарамоғимиз ҳамда уни оила аъзоларимиз, фарзандларимиз ва яқинларимизга ҳам айтиб беришимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, азонда кўп хайр-барака ва яхшиликлар бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Агар намозга азон айтилса, шайтон орқасидан ел чиқариб, азон эшитилмайдиган ергача қочади”, дейилган (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Муаззинлар фазилатда биздан ўзиб кетишяпти”, деди. У зот: “Сен ҳам муаззиннинг айтганларини такрорла, азон тугагач, дуо қилиб сўрасанг, сенга ҳам унга берилган фазилат берилади”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмас”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Имом Баззорнинг ривоятида: “Намозга азон айтилганда осмон эшиклари очилади ва дуолар қабул бўлади”, дейилган. Азонни эшитиб, унга жавоб қайтарганимиздан сўнг ҳадисда келган азон дуосини ўқиб, ортидан бошқа ҳожатларимизни ҳам сўраб олсак, айни муддао бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашадиганлардан қилсин!
Исломбек АНОРБОЕВ,
Зангиота тумани “Умир” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан