Нақшбандия тариқати тамойиллари
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
Хилват дар анжуман
Маъноси: халқ орасида ҳам Аллоҳ таолонинг ёди ила бўлиш. Зоҳиран халқ билан, ботинан Ҳақ таоло ила бўлишдир. Ҳақ ва ҳақиқат йўлчисининг қалби илоҳий зикрнинг завқи билан тўла бўлиши ва ҳар нарса зикрга васила бўлиши зарур. Борлиқ қалбга парда бўлмаслиги ва ҳар нарса, қадр-қийматига кўра, ўз ўрнига қўйилиши керак.
Қалб Аллоҳ таолони танигaч, У Зотнинг тажаллийларини мушоҳада қилгач, бошқа ҳеч бир борлиқ билан пардаланмайди, машғул бўлмайди, алданмайди ва ҳузур топмайди. Зикр билан уйғонган ва илоҳий нур ила порлаган қалб қаерга боқса, ким билан учрашса, улуғ Аллоҳни зикр қилаверади.
Қалбнинг бундай ҳолатини Имом Раббоний қуддиса сирруҳу бундай таърифлайди: “Қалбнинг Аллоҳдан бошқа ҳар нарсани унутадиган даражада зикр ичида йўқ бўлиши фақат аҳли сунна ақидаси узра ҳақ мазҳабларнинг ҳукмлари билан амал қилиш натижасида ҳосил бўлади. Бу кўзлаш керак бўлган энг катта мақсаддир. Ҳақ таоло ила ҳузур топиб, салим (соғлом) ҳолга келган иймон эгалари ҳар қандай борлиққа назар ташлаганда, аввало, уларни яратган Зотни эслайдилар ва ашё билан пардаланмайдилар. Қанчалик фикр-мулоҳаза қилса ҳам, ашёга оид бўлган бир вужуд ва сифат ақлига келмайди. Ҳар нарсада илоҳий тажаллийни (илоҳий куч-қудратни, Аллоҳ таолонинг санъаткорлигини) мушоҳада қилади. Бунга “фанои қалб” дейилади. Тариқатда илк қадам шудир ва авлиёликнинг бошқа барча мақомлари шу узра ривожланади”.
Нажмиддин Кубро қуддиса сирруҳу бундай деган: “Икки зикр бир жойда жам бўлмайди. Мудом ашёни зикр ва дард этган кимса Аллоҳ таолони ҳақиқий маънода зикр қилмайди. Аллоҳ таолони зикр қилган мўмин эса ўз қалбини бошқа нарсалар зикри билан машғул қилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мудом Аллоҳ таолони зикр қилар эдилар. Барча пайғамбарларнинг ва авлиё зотларнинг ишлари ҳам зикр ҳисобланади. Сабаби, уларнинг барча хатти-ҳаракатлари Ҳақ ила бўлади, ҳақ ўлчовларига мос бўлади. Зикрдан мақсад қалбнинг Аллоҳ таоло ёди билан ҳузур-ҳаловат топишидир”.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу: “Бизнинг йўлимизнинг асоси хилват дар анжумандир. Тариқатимизнинг асоси эса суҳбатдир. Халқдан узоқлашишда шуҳрат бор, шуҳратда эса офат бордир. Хайрлиси, жамиятга аралашиб, инсонларга хизмат қилишдир”, деганлар.
Аллоҳ таоло дўстларининг бу ахлоқи Қуръони каримда: “Кишилар бордир, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни мукаммал адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (Қиёмат)дан қўрқурлар” (Нур сураси, 37-оят), — дея англатилмоқда.
(Давоми бор.)
Салоҳиддин ГАДОЕВ,
Бухоро шаҳар “Хўжа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws