Илм кони бўлган шаҳар
Жалолиддин Румий ижодида Бухоро талқини
Мавлоно Румий Хуросону Мовароуннаҳр, Олд Осиё, Яқин Шарқда илмфан, маърифат ва донишмандлик ўчоғи сифатида машҳур бўлган Бухоро ҳақида “Девони кабир” ва “Маснавийи маънавий” асарларида айрим хулосаларини гўзал шеърий услубда, ўта нозик ифодалаган:
Бухорое жаҳони жон ки маъдангоҳи илм он аст…
Мазмуни: “Жонажон ул Бухоро илм кони эрур…” (“Девони кабир”, 2168-ғазал).
Ғазал маъносидан англашилмоқдаки, Бухоро илк ўрта асрлардаёқ илм-маърифат ўчоғи сифатида машҳур бўлган. Унда вояга етган олим-фозиллар овозаси ҳам жаҳонга довруқ солган.
Дунё доимо янгиланишда, ўзгаришда, тараққиётда. Шунингдек, инсоннинг ички олами ҳам доимо ўзгаришда бўлади, деб таъкидлайди Мавлоно. Аммо олам ўзгаришлар оғушида бўлса-да, у ўзининг чегарасидагина ўзгаради. Бошқача иборалар билан айтганда, табиий-экологик меъёрлари сақланади. Фақат комил инсонларгина олам, табиат борлиғи меъёрларини билишади ва уни доимо сақлаб туришга интилишади.
Ин Бухоро манбаи дониш бувад,
Бас, бухориест ҳар кинниш бувад.
Мазмуни: “Бухоро илмларнинг булоғи, Кимки бухоролик бўлса, унда ўша илм бўлади”,
Бошқа бир таржимада:
Бу Бухоро донишмандлик манбаидир, Бас, кимки бухороликдир, ўшалар, яъни дониш аҳлидандир” (“Маснавийи маънавий”, 181-бўлим).
Бухоро тўғрисида гап очилса, ҳурмат билан қулоқ солингани, унга ҳурматсизлик кўрсатилмагани, айниқса, буни XIII аср мутафаккирлари тилидан эшитиш бу шаҳри азимнинг салоҳияти қай даражада юксак бўлганидан далолат бериб турибди.
Гар дам халаъу мубарро меравад,
Бад мабин, зикри Бухоро меравад.
Мазмуни: Агар сўзларим бир оз яланғоч ва очиқ айтилаётган бўлса, Бундан ёмонлик излама, чунки гап Бухоро тўғрисида кетмоқда (“Маснавийи маънавий”, 184-бўлим). Бошқа бир ўринда: “Бухороликка хорлик кўзи билан қарама”, деган мисралари орқали одамларни илмли инсонни авайлашга чақиради. Мавлоно Румий “Девони кабир” ва “Маснавийи маънавий” асарларида 26 марта Бухоро номини зикр қилади. Бу заминда илм ўрганиб, жаҳон фан-тараққиётига улкан ҳисса қўшган олимлар кўплигидан шодланади. Улар фақат ўз номларинигина эмас, балки Бухоро номини ҳам тарихда қолдирганларига алоҳида урғу беради.
Мавлоно Румий қалбини изтироб, қайғу, ташвиш, дилхираликлар эгаллаганда, уни даволаш малҳамини Бухородан, яъни илм чашмасидан излаш лозимлигини уқтиради:
Гарчи дил чун сангу хоро мекунад,
Жони ман азми Бухоро мекунад.
Мазмуни: “Агар дилимни тошу тиканлар босар бўлса, Менинг жоним Бухоро азмини қилгай, яъни Бухорога боришни истаб қолар” (“Маснавийи маънавий”, 181-бўлим).
Ҳакима САЛОМОВА,
фалсафа фанлари доктори, профессор
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws