ҚУРЪОНГА МУҲАББАТЛИ КИШИ ЯХШИЛИК УЗРАДИР
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики, у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур» («Моида» сураси, 15–16-оятлар).
Ушбу оятлар тафсирида уламолар «Нур»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ислом дини, «равшан Китоб»дан мурод эса Қуръони каримдир, дейдилар. Бу икки восита орқали Аллоҳ розилигига эришиш мумкинлигини қайд этадилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ким Қуръонга муҳаббатли бўлса, яхшилик узрадир. Чунки уни Аллоҳ яхши кўради ва охиратда Қуръон шафоатига эриштиради», деган.
Абдураҳмон ибн Язид Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Қайси банда Аллоҳ ва Расулини яхши кўришини билмоқчи бўлса, қарасин, агар у Қуръонни яхши кўрса, демак, у Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрар экан» («Имом Байҳақий» ва «Имом Табароний» ривояти).
Уламолар ким Каломуллоҳни ўқиб-ўрганса, икки дунёси обод бўлади, хайр-баракага эришади ва Аллоҳ ундан рози бўлиб, жаннатга киритади, дейдилар. Улуғ олиму қориларнинг бу борадаги ҳассосликларининг боиси ҳам шу.
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: «Қуръонни мукаммал ёдлаган инсон қўлида Ислом байроғини кўтариб юради, унга эҳтиром юзасидан беҳуда ишларга берилмайди, хато қилувчилар билан бирга хато қилмайди, вақтини беҳуда ўтказадиганларга қўшилиб, маънисиз гапларни гапирмайди», деган.
Мўмин киши чин муҳаббат билан Каломуллоҳни ўқийди, куч-қуввати етганча ёдлайди, ҳукмларини ўрганади, ҳаётига татбиқ этади. Зеро, Ойша онамиз розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳнинг хулқлари Қуръон эди», деб бежиз айтмаган.
Айримлар ёшини ёки ишини баҳона қилиб Қуръон ёдлашга ёки ўқишга эътиборсиз бўлади. Инсон астойдил истаса, оғир вазиятда ҳам имкон топади. Агар Қуръонга муҳаббати бўлса, унга вақт топади. Акс ҳолда, қалбнинг Қуръонга юзланиши қийин. Бунинг учун нафсини қаттиқ тергаши лозим.
Унутмаслигимиз керак, Қуръонни ўқиб, уқиб, ҳаётимизга татбиқ этсаккина, икки дунё саодатига эришамиз.
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон туманидаги
«Исҳоқхон тўра» жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws