ИХЛОСЛИ МЎМИННИНГ ДУОСИ
Ота-она учун фарзанд азиз неъмат. У мўмин-қобил бўлса, дардингга дармон, қувватингга қувват бўлади. Аммо ноқобил бўлса, ота-онанинг бошини эгади, ғамга ботиради, адойи тамом қилади. Бундай пайтда ота-она иложсиз қолади: “Жигарпорамни қандай ислоҳ қилай?” дея бош қотиради.
Динимиз эса ҳар қандай вазиятда ҳам Аллоҳга таяниш кераклигини буюради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Уч тоифа одамнинг дуоси рад этилмайди: рўза тутувчининг, мусофирнинг ва ота-онанинг фарзандлари учун қилган дуоси” (Имом Термизий ривояти).
Ота-оналарнинг кечалари ёлвориб қилган дуолари фарзанднинг тақдирини бутунлай ўзгартириши мумкин.
Яқинда ўзига тўқ бир оила масжидга нажот излаб келди. Уларнинг 16 ёшли ўғли психотроп дориларни ичишга ўрганиб қолган экан. Уни иккинчи марта реабилитация марказида даволатиш учун ётқизишмоқчи бўлишибди. Аммо боланинг шифо топишига ишонмай, Аллоҳдан умид қилиб, дуо ўргатинг, дея динимиз йўл-йўриқларидан сўрашди.
Уларга, аввало, ўзларини ислоҳ қилиш зарурлигини тушунтирдим. Сўнгра солиҳ зотлар фарзандларининг тарбиясида ўзгариш сезса, дарҳол тавба ва истиғфор айтиб, ҳаромдан эҳтиёт бўлишганини ва ушбу оятни уч мартадан ўқиб, дуо қилишганини айтдим:
“…Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални адо этишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман…” (Аҳқоф сураси, 15-оят).
Улар сўзларимни диққат билан эшитиб, раҳматлар айтиб, фарзандлари ҳаққига дуода бўлишимни илтимос қилишди.
Орадан ярим йил ўтиб, ўша ота фарзанди яхши томонга ўзгарганини, грант асосида ўқишга кирганини айтиб, дуо олиб кетди. Мен уларнинг ихлос билан қилган дуолари ижобатидан таъсирланиб, Аллоҳга ҳамдлар айтдим.
Айримлар: “Ислоҳ бўлмаяпти, дуоларим қабул бўлмаяпти”, деб сабрсизлик қилади. Чин тавба қилган ота-онанинг қуруқ тил билан эмас, чин юракдан, ихлос билан, нола ва ғам-қайғу билан қилган чинакам илтижолари фарзандни ўзгартирмай қўймайди.
Уламоларнинг “Зурриётимни салоҳиятли қилгин!” деган дуоси фарзанд тарбиясида муҳим ҳисобланади. Фарзандлар ҳаққига қилинадиган дуолардан бири: “Аллоҳим, фарзандларимни ҳидоят қил. Ҳақ йўлда собит айла. Уларни солиҳлар билан дўстлаштиргин ва ёмонлардан узоқ қилгин”.
Абдулвоҳид ИСОҚОВ,
Наманган шаҳри “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws