Жамият равнақига таҳдид
Аллоҳ таоло бандаларини бундай огоҳлантирган: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Ёзма манбаларда порахўрлик Шумер подшолиги даврида ҳам кузатилган. Порахўрликнинг ҳали ҳамон давом этаётгани шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмас экан.
Дарҳақиқат, порахўрлик – жамият ривожига жиддий зарар етказади. У фақат моддий бойликлар билан боғлиқ бўлмай, балки маънавий қадриятларга ҳам тегишлидир. Маънавий порахўрлик бу – мансаб, обрў, таъсир доираси кабиларни қўлга киритиш ёки сақлаб қолиш мақсадида маънавий қадриятларни, ахлоқий меъёрларни ва виждонни қурбон қилишдир.
Унинг янада хатарли жиҳати шундаки, моддий нарсаларни пора берганлар қўлга тушиб қолади ва қонуний жазога тортилади. Лекин маънавий пора берувчилар ҳеч қачон ушланмайди ҳам, жазога ҳам тортилмайди. Нари борса, дашном эшитиши мумкин, холос. Хўп, маънавий порахўрлик қандай ҳолатларда намоён бўлади? Бу порани берувчи кимсанинг иши сохтакорлик, риёкорлик, чақимчилик, хушомадгўйлик, ноҳақлик, ўзининг қадрини оёқости қилиш , иккиюзламачиликдан иборат бўлади.
Моддий пора берувчи кимса ўзи ишлаётган соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшишни ўйламасдан, катта амалдорларга берган 100 сўмини миллион қилиб қайтариб олиш қасдида юрганидек, маънавий пора бериб кичик амалга илашиб олган кимса ҳам қилган хушомадлари ва бошқа иллатларни ўзидан қуйидагилардан қаттиқ талаб қилади. Ўзининг қадр-қимматини ўзи оёқости қилганидек, бошқаларнинг қадр-қимматини ҳам оёқости қилишга жидду жаҳд кўрсатади. Оқибатда инсонлар, ходимлар ўртасида ўзаро ишончга путур етади, адолатсизлик авж олади, ноҳақликка қарши курашиш истаги сўнади, ижодий ва ақлий салоҳият пасаяди, маънавий қадриятлар қадрсизланади, жамиятда ривожланиш тўхтайди ва у таназзулга юз тутади.
Маънавий порахўрликка қарши курашиш учун ёш авлодни маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда ҳалоллик, адолатпарварлик каби фазилатларни шакллантириш лозим. Шунинг билан бирга ҳар қандай қарор қабул қилиш жараёнини ошкора ва шаффоф қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш; инсонларни сохтакорлик ва хушомадгўйликни фарқлай олишга ўргатиш, ўз фикрини эркин ифода этишга шароит яратиш; маънавий порахўрлик ҳолатларини аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўриш зарур. Энг муҳими ҳам шу бўлса керак.
Хулоса қилиб айтганда, маънавий порахўрлик – жамият учун ўта хавфли иллат. Унга қарши курашиш – ҳар биримизнинг бурчимиз. Фақат маънавий поклик ва ҳалоллик асосидагина адолатли, фаровон ва барқарор жамият қура оламиз.
Абдумалик ЖЎРАҚУЛ,
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ходими
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws