Таваккул
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Иш юзасидан пойтахтга боришимга тўғри келиб қолди. Бекатга боришим биланоқ “Ласетти” келиб тўхтади.
– Опа, Тошкентга борасизми? – деб сўради ҳайдовчи.
– Ҳа, бораман, – дедим ва пулини келишиб машинага ўтирдим. Бир пайт олдинги ўриндиқда ўтирган йўловчи йигит ҳайдовчидан телефон сўради:
– Ака, илтимос, телефонингизни бериб турсангиз. Синглимга қўнғироқ қилиб олай, телефонимнинг пули тугабди. Синглисининг рақамини айтганди, ҳайдовчи териб йигитга телефонни узатди.
– Ассалому алайкум, сингилжон, мен акангман. Телефоним ўчиб қолди. Уйдамисан? Йўлдаман, 2–3 соатда етиб бораман. Сизларникига кириб ўтмоқчи эдим. Қишлоқдан сизларга у-бу нарсалар олган эдим, – деб ҳол-аҳвол сўради.
– Акажон, сиз келасиз деб бугун ишга бормагандим, – деган овоз келди гўшакнинг у томонидан…
Ака-сингил ўртасидаги меҳр-оқибатга ҳавасим келди.
– Синглингизга жуда меҳрибон экансиз. Ҳавас қилдим. Бугун оқибатли акалар кам, – деб қўйдим.
У кулимсираб синглиси ҳақидаги бир воқеани ҳикоя қила кетди: “Етти йилча аввал синглимнинг оиласига оғир синов келди. Куёвимиз хасталикка учраб, икки буйраги қуриди. Унга зудлик билан донор топишга тўғри келди. Онам синглим ва болалари учун, синглим бўлса эри учун қаттиқ изтиробда қолди. Куёвимнинг уч акаси бор, аммо улар ўз оиласи ва соғлигини ўйлаб буйракларини беришдан қўрқишди.
Шунда 16 ёшли жияним дадасига буйрагини бермоқчи бўлди. Бунга онам: “Ёш боланинг умри хазон бўладими?” деб кўнмади.
Тўрт боласи бор синглимга раҳмим келди. “Акажоним” деб чақиришидан дилим шодланарди. Ўйлаб-ўйлаб Аллоҳ бир йўл кўрсатар деб буйрагимни беришга қарор қилдим.
Синглимга айтганимда жуда қувониб кетди. Бироқ оз фурсат ўтиб иккиланди. Мен унга: “Ҳеч нарса бўлмайди, Аллоҳга таваккал”, дедим. У рози бўлди. Сўнгра қон таҳлилларини топширган эдим, донор бўлишим мумкинлиги ойдинлашди. Аммо аёлим қаршилик қилди, йиғлади. Унга: “Аллоҳга таваккал! Ҳаммаси яхши бўлади”, деб қарорим қатъийлигини тушунтирдим. У ноилож кўнди.
Операция муваффақиятли ўтди. Мана, 6–7 йилдирки, менинг ҳам, куёвимнинг ҳам саломатлиги яхши, алҳамдулиллаҳ…”
Ота-она фарзандига ёки ака-укалар бир-бирига буйрагини берганини эшитганман. Бироқ бунақасига биринчи бор гувоҳ бўлишим. Мана, меҳр-оқибат, мана, силаи раҳмнинг ҳақиқий намунаси. Ундан қизиқсиниб:
– Укажон, бу яхшилигингизга куёвингизнинг яқинларидан бирор нарса олдингизми? – деб сўрадим. У ҳайрон бўлиб:
– Йўғ-а, ҳеч нарса олмадим. Аллоҳимнинг Ўзи қўллаб ишларим юришиб, рўзғоримга барака кирди. Буйрагим бир доналиги эсимга ҳам келмайди”, – деди.
Манзилига етиб келган йигит: “Синглимни кўриб, кейин уйимга ўтаман”, дея хайрлашиб синглисининг уйига тушди. Мен йўлда давом этарканман, ҳаётда шундай меҳрибон жигарлар борлигидан кўнглим ёришиб, бундай қондошлар кўпаяверсин, деб дуо қилдим.
Фотимахон ЖЎРАЕВА
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws