Фирқаланиш Ислом таълимотига зид
Муқаддас динимиз хоҳ ақидавий, ҳох фиқҳий масалаларда бўлсин, ўзаро ихтилофга бориб, турли фирқа ва гуруҳларга бўлинишни қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни огоҳлантириб айтади: «Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
«Ҳужжатлар келганидан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир» (Оли Имрон сураси, 105-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло сизлардан уч нарсага рози бўлиб, уч нарсага рози бўлмайди. Аллоҳ рози бўладиган ишлар булар: ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинг, Унга бирор нарсани шерик қилманг. Аллоҳнинг арқони (Каломи)ни маҳкам тутинг, фирқаларга бўлинманг. Аллоҳ сизларга бошлиқ қилиб қўйган кимсага яхшилик қилинг. Аллоҳ рози бўлмайдиган ишлар: “деди-деди” ва жанжаллашиш; кўп савол бериш; мол-дунёни беҳуда совуриш” (Имом Байҳақий ривояти).
Мана шунинг ўзи замонамизда пайдо бўлаётган турли-туман гуруҳ ва фирқаларнинг хато йўлдан кетаётганларини яққол кўрсатиб беради. Бундай гуруҳлар “ҳижрат” тушунчасини ўз мафкуравий қарашларига мос равишда талқин қилишмоқда. Бу кучлар дунёнинг нотинч жойларига ҳамда ўзлари қўним топган минтақаларга мутаассиб шахсларни жамлаш ва шу орқали геосиёсий мақсадларини амалга оширишни исташади. Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплаб, азон айтиладиган, жума, ҳайит намозлари ўқиладиган, ҳаж амалларини адо этишга имкон яратилган – ислом диёрлари бўлган Ватанларини тарк этишга тарғиб этади. Ҳолбуки, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига мутлақо зиддир.
Фокиҳий ўзининг “Макка хабарлари” асарида ёзишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёни ўғирланади. Ўғри ушланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борилганида, у ўз қилмишини ушбу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи экани билан оқламоқчи бўлади. Сарвари олам унинг ишини қоралаб, унга Маккада қолишни ва у ерда муқим яшашни буюрадилар. Воқеадан ҳижрат замирида эзгулик бўлса-да, уни бошқаларга зарар етказиш эвазига амалга ошириш мумкин эмаслиги келиб чиқади. Чунки ҳижрат, аслида ёмонликларни тарк этиб, яхшиликларни касб қилиш экани ҳадиси шарифларда очиқ-ойдин айтилган.
Ёшларнинг зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг асосий сабабларидан бири ота-оналардаги бепарволик, назоратнинг сустлигидир. Агар ота-оналар фарзандларига, уларнинг қизиқишларига эътиборли бўлсалар, бундай нохуш ҳолатлар олди олинган бўлар эди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг кимлар билан дўстлашиб, нималарга қизиқишларини, бўш вақтларини қандай ўтказаётганларини доимо назорат қилиб боришлари ва вақтларини унумли ўтказишларини таъминлашлари жуда муҳим. Зеро, фарзандларимизни зарарли ғоялардан ҳимоя қилишимиз бугуннинг энг долзарб масаласи эканини унутмаслигимиз зарур.
Шунингдек, асрлар оша аждодларимиз амал қилиб келган Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг ақидавий ва фиқҳий йўлларига эргашиш турли тоифаларга бўлинмасликнинг энг яхши чорасидир.
Алишер НАИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар Кенгаши аъзоси, Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан