Интернет неъматми ёки синов?
Интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. У орқали ишлаймиз, таълим оламиз, мулоқот қиламиз. Илгари ойлаб изланган маълумот бугун сонияларда топилади. Масофалар қисқарди, билим олиш имкониятлари кенгайди. Шубҳасиз, бу катта имконият. Аммо ҳар бир имконият масъулиятни ҳам талаб қилади. Ислом таълимоти инсонни нафақат ташқи хулқ-атворда, балки ички эътиқод ва ахлоқий покликда ҳам етукликка чорлайди. Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва оилангизни дўзахдан сақланг» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Бу амр ҳар бир ота-онага фарзанд қалбини муҳофаза қилиш масъулиятини юклайди. Бугун эса қалбга таъсир қилувчи омиллардан бири – назоратсиз рақамли муҳитдир.
Пайғамбар алайҳиссалом огоҳлантирганлар: “Аллоҳ таоло Одам фарзандига зинодан бўлган насибасини ёзган. Кўзнинг зиноси қарашдир”(Имом Муслим ривояти).
Экран ортидаги манзара ҳам инсон қалбига таъсир қилади. Кўз орқали кирган ҳар бир тасвир қалбда из қолдиради. Шунинг учун мўмин инсон ўз назари ва вақтини асрашга масъулдир.
Интернетнинг энг катта хавфларидан бири вақтни зое қилишдир. Қисқа видеолар, беҳуда баҳслар, маъносиз изоҳлар инсон соатларини ютиб юборади.
Қуръонда мўминлар сифатланар экан: “Улар беҳуда ишлардан юз ўгирувчилардир” (Муъминун сураси, 3-оят), деб марҳамат қилинган. Вақтни фойдасиз машғулотларга сарфлаш мўминнинг фазилати эмас.
Бугун хабар тарқатиш жуда осон. Аммо унинг оқибати ҳақида ўйлаш ҳар қачонгидан кўра муҳим. Текширилмаган маълумот жамиятда ишончсизлик ва ихтилофга сабаб бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Набий алайҳиссалом эса бундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ижтимоий тармоқларда ёзилган ҳар бир сўз ҳам амал ҳисобланади. Бир тугма босиш, бир масъулият.
Ёшлар тарбиясида ота-она ва устозларнинг ўрни беқиёс. Назорат ишонч билан уйғун бўлиши, тушунтириш тақиқдан устун бўлиши лозим. Фарзандга фақат “йўқ” дейиш эмас, балки унинг “нега?” ва “қандай?” деган саволларига жавоб бериш муҳим.
Интернетни бутунлай чеклаш мумкин эмас. У ҳаётнинг бир қисмига айланиб бўлди. Шунинг учун ечим тақиқда эмас, тарбиядадир. Шу билан бирга, интернет улкан яхшилик воситаси ҳамдир. Бугун минглаб инсонлар онлайн дарслар орқали илм олмоқда, касб ўрганмоқда, маънавий билимларини мустаҳкамламоқда.
Интернет бир восита. Унинг ўзи яхшилик ҳам эмас, ёмонлик ҳам эмас. Уни қандай ишлатиш инсоннинг нияти ва тақвосига боғлиқ. Агар у илм, маърифат ва эзгуликка хизмат қилса, бу неъмат. Агар у вақтни зое қилиб, қалбни ғафлатга ботирса, бу синовдир.
Рақамли асрда энг катта вазифа қалбни асраш, вақтни қадрлаш ва онгли танлов қилишдир. Чунки келажак экран ортида эмас. Келажак тарбияли, масъулиятли ва тақволи қалбларда қурилади.
Абдухолиқ МАҲМУДОВ,
Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Тошмозор” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws