Беҳуда гаплардан тийилиш фазилати
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…” (Иброҳим сураси, 34-оят).
Шу неъматлар ичида инсон ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлгани тил ва нутқдир. Чунки тил инсониятнинг ўзаро мулоқот қилиш, билим ва тажриба алмашиш имкониятини таъминлайди. Инсон тили орқали ўз қарашларини баён қилади, мақсадларини ифода этади ва жамиятда ўз ўрнини белгилайди.
Аллоҳ таоло инсонга тил бериб, уни гапириш қобилияти билан сийлади. Аммо айрим инсонлар тили бўлатуриб, гапира олмайди. Бу ҳолат тил неъматининг қанчалик улуғ эканини янада яққол кўрсатади. Шунинг учун инсон тилини Аллоҳнинг розилиги йўлида ишлатиши, яъни дунё ва охиратига манфаат келтирадиган сўзларни гапириши лозим.
Ривоятларга кўра, Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ бир куни боғ ёнидан ўтаётганда дарахт тагида жим ўтирган бир йигитни кўради. У билан саломлашади, аммо йигит сўзламайди. Кейин у ерга бундай мазмунда ёзади: “Тил кўп балоларнинг сабабчиси бўлиши мумкин. Агар инсон гапирса, Аллоҳни унутмаслиги, шукр ва ҳамд билан сўзлаши керак”. Зуннун Мисрий эса унга жавобан бундай фикр ёзади: “Инсон умри қисқа, аммо унинг ёзгани ва айтгани қолади. Шунинг учун қиёмат куни инсонни хурсанд қиладиган сўз ва амалларнигина қолдириш лозим”. Ривоятда айтилишича, йигит бу сўзларни ўқиб, қаттиқ таъсирланади ва Аллоҳдан қўрққан ҳолда вафот этади. Ушбу воқеа инсоннинг нутқи ва сўзи қанчалик муҳим маънавий масъулият эканини англатади.
Ислом таълимотида инсоннинг кераксиз, фойдасиз сўзлардан, беҳуда ишлардан сақланиши муҳим ахлоқий талаб ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бундай деганлар: “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш киши исломининг гўзаллигидандир” (Имом Термизий ривояти).
Демак, инсонга фойда келтирмайдиган, маънавий ёки амалий аҳамиятга эга бўлмаган сўзлар инсон ахлоқига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли нутқни назорат қилиш, ҳар бир айтилган гапнинг оқибатини ўйлаб сўзлаш талаб этилади. Тилни назорат қилиш инсоннинг маънавий камолотига хизмат қилади. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Сен тилингни тийгин”. Муоз розияллоҳу анҳу сўраганида Набий алайҳиссалом: “Кишиларнинг дўзахга юзтубан ағдарилишига сабаб тиллари билан қилган гуноҳларидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадис тил гуноҳлари инсон учун жуда оғир оқибатларга сабаб бўлишини англатади.
Инсон тилни фақат яхшиликка, маърифатга, ҳақиқатга ва эзгу сўзларга кўниктириши лозим. Кераксиз ва зарарли гаплар инсон ахлоқини бузади, уни гуноҳга етаклайди. Шу сабабли тилни тийиш, ҳар бир сўз учун масъулиятни ҳис қилиш ҳар бир мўминга хос фазилатдир.
Лобархон БОБОНАЗАРОВА,
Конимех тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
“Мўминалао” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws