“Kyiv Diplomatic”: Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси – Ўзбекистондаги ислом цивилизациясининг дурдонаси
Украинанинг “Kyiv Diplomatic” журнали Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳақида мақола чоп этди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
Унда таъкидланишича, мажмуа қурилиши ва кейинчалик замонавий дизайн услубида барпо этилгани мажмуани ноёб маконга айлантирган, маънавий мерос, таълим функциялари ва замонавий сайёҳлик инфратузилмасини бирлаштирган.
Мажмуа 45 гектар майдонни эгаллайди ва 10.000 кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурий бино, 154 та устунли улуғвор айвон, сайёҳлик маркази, инновацион музейнинг тўққизта павилонлари, шунингдек, меҳмонхоналар ва автотураргоҳни ўз ичига олади. Музейда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, унинг Муҳаммад алайҳиссалом ҳаёти ҳақидаги ҳадисларни тўплашдаги қўшган ҳиссаси, 25 та пайғамбар тарихи ва ислом таълимини ривожлантиришдаги роли батафсил баён этилган.
Бугунги кунда мажмуа кунига 65.000 тагача зиёратчини қабул қила олади ҳамда маданий ва маърифий туризм учун муҳим марказ ҳисобланади. Aнъанавий архитектура, замонавий технологиялар ва мураккаб инфратузилманинг уйғунлиги туфайли Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси мамлакат маънавий меросининг рамзига ва Марказий Осиёдаги ислом цивилизациясининг асосий марказларидан бирига айланди.
И.Аҳмедов тайёрлади.