Топилманинг тоғдек юки
Тонг ёришар-ёришмас ўрнимдан туриб, бомдод намозига ҳозирлик кўра бошладим. Масжиддан азон овози эшитилди. Дарвозани очдим. Кўзим буталар тагида ётган тугунга тушди. “Ким чиқинди ташлаб кетди экан?” деб ўйладим. Итлар уни у ёқдан-бу ёққа судрагани кўриниб турарди. Очиб қарасам, тахлам-тахлам пул. Ё Аллоҳ, бу қандай топилма бўлди?!
Масжиддан бомдодни ўқиб қайтаётганда танишларга бўлган воқеани айтдим. Орадан бир неча кун ўтди. Катта пулнинг дарагини эшитган номаълум кимсалар эшигимга келишиб, миямни қоқиб қўлимга беришди. Ё алҳазар, ёлғонни хўп дўндиришди ўзиям. Ҳаммадан қизиғи, пулнинг ҳақиқий эгасидан дарак йўқ эди. Наҳотки, хабар пулнинг эгасига етиб бормаган бўлса?
Кунларнинг бирида имом:
– Бирор янгилик йўқми? Омонатни нима қилдингиз? – деб сўраб қолди.
– Агар эгаси келмаса, пулларни масжид қурилишига ишлатсак-чи? Мабодо эгаси чиқиб қолгудек бўлса, омонатни эгасига топширамиз.
– Ҳозирча ҳеч гап йўқ. Роппа-роса бир ойу ўн икки кун бўлди. Яна бирор ҳафта кутайлик-чи, – дедим мен. Бир неча кун ўтгач, аллақандай нотаниш йигит эшигимизда пайдо бўлди.
– Валижон тоға сиз бўласизми? – деди у.
– Ҳа, укажон, тинчликми?
– Амакижон, сиз топиб олган пул меники бўлиши керак. У жуда хижолат тортиб, ийманиб гапирар эди.
– Хўп, гапнинг сирасига кўчайлик. Қаердан келдингиз, кимсиз? – дедим мен.
– Қўқонданман.
– Бўлмаса, қўни-қўшнидан учтўрт гувоҳ чақирай, – дедим.
Маҳалла оқсоқоли ва кўпни кўрган ёши улуғларни уйга таклиф қилдим. Меҳмон шошмасдан бўлган воқеани сўзлай бошлади:
– Биз тўрт киши ўша куни Андижон машина бозорига борган эдик. Афсуски, бозорда омадимиз юришмади. Машиналар кўплигидан менга ёққани дўстларимга, уларга ёққани менга ёқмади. Кун бўйи бозор айланавериб чарчадик. Шаҳарлик ошналаримиз бир пиёла чойга таклиф этишди. Чойхонада кечгача чақчақлашдик. Кейин улар билан хайрлашиб ортимизга қайтдик. Шу атрофга етганимизда, ҳазилкаш дўстларимдан бири:
– Энди пулни тенг бўлишамиз, бизни роса сарсон қилдинг, – деб жиғимга тега бошлади.
– Бекор айтибсан, сариқ чақа ҳам бермайман, – дедим.
У эса пул солинган тугунни тез кетаётган машина ойнасидан улоқтириб юборди. Машинани тўхтатиб, тугунни узоқ ахтардик. Аммо у осмонга учиб кетганми, ҳеч қаерда йўқ эди. Ноилож йўлда давом этдик.
– Пулингиз қанча эди? – дедим мен.
– Ўн етти миллион сўм эди. Ҳатто у пулларининг хили, неча тахламлигини ҳам аниқ айтиб берди. Муҳокама қилишга ўрин қолмаган эди. Аллоҳга шукр, омонатни ўз эгасига топширишга муяссар қилди. Хурсанд бўлган йигит тугундан пулни олиб:
– Раҳмат! Борингизга шукр! Мана бу бир ярим миллион сўм сизга ҳадя! Чин кўнгилдан! – деди.
– Ўғлим, менинг пулга муҳтожлигим йўқ. Яхшигина нафақа оламан. Билсангиз, Аллоҳим менга сиз орқали, сизга эса мен орқали бу синовни юборди. Иншоаллоҳ, иккаламиз ҳам ундан муваффақиятли ўтдик.
– Валижон тоға, яхши ҳамки сиздай инсонлар бор, – дея миннатдорлик билдирди. Кетаётганида қўярда-қўймай бир ярим миллион сўмни сўрида қолдириб кетди. Эртаси куниёқ бу пулларни масжид қурилишига бердим ва елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.
Фазлиддин АБДУНАЗАРОВ, Қува тумани
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан