Таҳоратга доир ҳукмлар
Ибодатларимизнинг қабул бўлиши, албатта, моддий ва маънавий покликка бевосита боғлиқ. Шунинг учун фиқҳга доир барча асарлар поклик китоби билан бошланади.
Шариатимиз намоз ўқиш, Мусҳафни ушлаш учун бизга таҳоратли бўлишни фарз қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бетаҳорат киши таҳорат олмагунича унинг намози қабул бўлмайди”, деб огоҳлантирганлар (Имом Бухорий ривояти). Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мактубларида “Мусҳафни фақатгина покланган киши ушлай олади”, деб ёзилган бўлган (Имом Доримий, Имом Молик ривояти).
Байтуллоҳни тавоф қилишда таҳоратли бўлиш вожиб. Киши тавофни бетаҳорат қилса, жиноят қилган саналади ва унга жазо тайинланади (фарз ва вожиб тавофларни таҳоратсиз қилса, қўй сўйиш вожиб бўлади. Нафл тавофни таҳоратсиз қилса, 2 кг буғдой садақа қилади) ёки у қайтадан тавофни таҳоратли ҳолда бажариши шарт.
Уйқуга кетишдан олдин таҳорат олиш суннат. Таҳорати бўлса, савоб умидида қайта таҳорат олиш ёки бир гуноҳ ишдан қайтиб, тавба қилганда таҳорат олиш мустаҳабдир.
Халога “Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубуси вал хобаис” (“Ё Аллоҳ, эркак ва урғочи шайтонлар васвасасидан паноҳ сўрайман”) дуосини айтиб, чап оёқ билан кирилади. Қиблага қараб ёки унга ортни қилиб ўтириш макруҳ.
Халода оғирлик чап оёққа ташланиб, икки оёқ ораси кенг қилиб ўтирилади. Бу ҳолат ҳожат осон чиқишига ёрдам беради. Суроқа ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни чап оёққа суяниб, ўнгини тик тутмоққа амр қилдилар” (Имом Табароний ривояти).
Ҳожатхонада заруратсиз гапирмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен сизлар учун худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Қачонки бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин, унга орқасини ўгирмасин, ўнг қўли билан покланмасин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аёлнинг фаржидан чиқиб турадиган ажралма таҳоратни кетказади. Турмуш қурган аёлда бу ҳолат кўп такрорланса ва унга таҳоратини узоқ вақт ушлаб туриш зарурати туғилса, ички фаржига тампон қўйиб, унинг бир учини ташқарида қолдиради.
Агар суюқлик, яъни ажралма тампоннинг сиртдаги учигача чиқса ва уни намлантирса, таҳорат кетади. Аксинча, сиртқи учи қуруқ турса, таҳорат бузилмаган ҳисобланади. Бунақа узрли аёллар нам салфеткалар билан истинжо қилиши жоиз. Таҳоратнинг фарзлари:
1. Юзни ювиш;
2. Қўлни тирсаклари билан ювиш;
3. Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш;
4. Оёқни тўпиқлари билан ювиш.
Юзнинг юқорисига чегараси – пешонанинг соч ўсиб чиққан жойидан жағнинг остигача. Кўндалангига чегараси – бир қулоқнинг юмшоқ жойидан иккинчи қулоқнинг юмшоқ жойигачадир. Икки лаб ва буруннинг уст қисми ҳам юздан ҳисобланади. Қош, киприкларга сув етказишга диққат қилинади.
Қўл бармоқ учидан бошлаб тирсак билан ювилади. Агар тирноқлар узун ва остига қайрилиб қолган бўлса, тагига сув етказиш фарз. Тери ва тирноққа сув етишини тўсадиган ҳар бир бўёқ, лок ёки бошқа нарсалар ҳам кетказилиши фарз. Аёллар бу нарсаларга ўта эҳтиёткор бўлишлари лозим. Бармоқдаги узуклари сиқиб турса, уни қимирлатиб, тагига сув етказишади. Агар узук катта бўлса ва остига сув кириб турса, бунга ҳожат йўқ.
Бугунги кунда аёлларимиз орасида сочни турли синтетик услублар билан текислаш, ялтироқ ҳолга келтириш, қалинлаштириш каби ишлар кузатилмоқда. Бу амалиётларнинг аксари соч толаларини қоплаб олади ва сув етиб боришига монелик қилади. Бундай ишлар қош ва киприкларда ҳам бўлса, таҳоратнинг фарзлари бажарилмай қолишига олиб келади. Шунинг учун аёллар шариат бўйича мутахассисдан ишлатаётган нарсалари таҳорат ёки ғуслга тўсқинлиги бор ё йўқлиги ҳақида сўраб олишлари шарт. Гўзаллик салонида ишлайдиганлар “Бу нарсалар мумкин”, деб билиб-билмай шариат номидан жавоб бермасликлари керак.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Сурайё ИБРАГИМОВА тайёрлади.
Покланиш дуолари
1. Халога киришдан олдин: “Аллоҳумма аъузу бика минал хубуси вал хобаис” дер эдилар (Имом Абу Довуд ривояти);
2. Халодан чиққанда эса “Ғуфронака”, деймиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам халодан чиққанларида “Ғуфронака”, дер эдилар (Имом Термизий ривояти).
3. Таҳоратни бошлашда “Бисмиллаҳ”ни айтамиз. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таҳорати йўқнинг намози йўқ. “Бисмиллаҳ”ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
4. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизлардан бирортангиз таҳорат олсаю таҳоратини яхшилаб қилган бўлса, сўнгра таҳоратдан фориғ бўлишида: “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ”, деб айтса, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилар ва у хоҳлаганидан кирар”, деганлар» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
5. «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади (Имом Абу Довуд ривояти). (Маъноси: “Аллоҳни Раббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Расул деб қабул қилдим”).
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан