Мақолалар

Аёл – оила бутлиги, миллат равнақи фидоси

Чоп этилди Dekabr 26, 2018 No Comments

Аёл фарзандни дунёга келтирувчи, миллатни шакллантирувчи, элу юртни меҳру муҳаббати билан қўллаб турувчи дуогўй зот. Ер юзида қайсики инсон юксак натижаларни қўлга киритган бўлса, қайсики миллат ривожланишнинг энг баланд поғоналарини забт этган бўлса – онага ҳурмати туфайли, оналарнинг дуоларини олгани шарофати ила шунга эришган.

Бинобарин, аёлни – онани эъзозлаш динимиз таълимоти, пайғамбарларнинг, хусусан, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати.

Тарихий манбаларда Иброҳим алайҳиссалом, Исмоил алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарларнинг оналарига қанчалар меҳрибонликлар кўрсатгани, уларнинг умматлари ичидан ҳам онасига меҳрибонлик қилгани туфайли жаннатнинг хабарини олган сомеъ зотлар бўлгани ҳақидаги ҳикоятларни ниҳоятда  тўлқинланиб кўзда ёш билан ўқиганмиз. Айниқса, севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналарининг қабрларига бориб улар учун қанчалар йиғлаб дуо қилганлари, сут онаси Ҳалима онамизни ўз онасидек яхши кўриб унга муборак қўллари билан хизматлар кўрсатганлари, аёллари – муҳтарам оналаримизга қанчалик меҳрибонликлар кўрсатиб муомалада бўлганлари, қизларини қанчалар севиб, ардоқлаб, ҳатто Фотима онамиз ҳақида: “Фотиманинг севинчи – менинг севинчим; унинг нафрати – менинг нафратим. Ким Фотимани яхши кўрса, мени яхши кўрибди. Ким уни севинтирса, мени хурсанд қилибди. Ким уни ранжитса, мени ранжитибди” ва “Фотима – менинг жонимнинг бир парчаси. Ким унга озор берса, менга озор берибди, ким менга озор берса, Аллоҳга қарши борибди”, деганлари (Имом Ҳоким ривояти) инсонларга ўрнакдир.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг: “Шамчироқни ўчиринглар, Фотиманинг соясига бегоналарнинг кўзи тушмасин”, дея жуфти ҳалолини эҳтиётлаши асрлар оша инсониятга сабоқ бўлиб келмоқда.

Бизнинг миллатимиз ҳар доим аёлни Аллоҳнинг амри ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатига мувофиқ эъзозлаб келган. Аммо кўп йиллик истибдодни бошдан кечирган халқимиз руҳияти ҳали ҳам  унинг оқаваларидан буткул халос бўла олмаяпти. Собиқ шўро замонида аёлларга эркинлик ваъда қилиниб, аслида улар энг оғир ишларга жалб қилинган эди. Мамлакатимиз мустақил бўлганидан сўнг ҳам шу ҳол давом этди. Аммо бунда давлатнинг иштироки йўқдек кўринади. Аёллар иш қидириб хорижга чиқиб кета бошлади. Бу ердаги хизматлар эса уларни ўзларининг рўйхатларига тиркаб қўяверди.

Бечора аёл муҳтожликдан бола-бақрасига, рўзғорига уч-тўрт сўм пул топиб келаман, дея фарзандларидан йироққа кўзда ёш билан кетади. Нотаниш ўлкаларда Аллоҳдан мадад сўраб ўзининг номусини ҳимоя қилади, иш қидиради, оғир шароитларда меҳнат қилиб уйига қайтиб келса, хизматлар “суҳбат”га чақириб турган бўлади…

Хўш, аёлнинг хорижга иш қидириб кетишига давлатнинг иштироки йўқми?

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференциясида иштирок этган Бош вазир Абдулла Арипов айнан шу масалага эътибор қаратди: “Ҳар бир аёл орзу ҳавас қилиб яшайди, бола-чақам дейди, оиласига бир нарса ташиб, олиб келай, деган ниятда бўлади. Ноиложлик кўп салбий ишларга йўл очади”.

Дарҳақиқат, муҳтожлик жонидан ўтмаса, ҳеч қайси аёл хорижга ишлагани кетмайди. Муҳтожликдан қутулиш учун эса аёлларга муносиб иш ўринлари яратиш керак. Бироқ бу иш давлатнинг иштирокисиз ҳал бўлмайди. Давлат ходимлари эса чегарадан ўтган аёлларга ҳар хил тамға ёпиштириш билан машғул. Бироқ “Аёлга тамға қўйиш осон, лекин олдин дўппини қўйиб ўйлаш керак…” У аёл нима учун хорижда юрибди?.. Зеро, аёл – фақат ота-онасининг, эрининг ва бошқа яқинларининг эмас, бутун миллатнинг номусидир. “Ҳар хил бемаъни гаплар гапирилади – “аёллар ёмон йўлга кирибди“ деб, аёл яхши ҳаётдан кирмайди бу йўлга. Ҳар бир аёл орзу-ҳавасли бўлади, “бола-чақамни боқаман“ дейди, кўп нарсалар ноиложликдан келиб чиқади. Аёлнинг ишлаш учун бошқа давлатга кетгани бизнинг бу ерда шароит қилиб бермаганимиздан“.

Бош вазир хорижга ишлагани кетган аёллар ортидан гапириладиган миш-мишлардан бири уларни дангасаликда айблаш эканига ҳам тўхталиб, бунинг мутлақо бўлмағур гап эканини айтди. Илло, дангаса аёл хорижга ишлагани кетди дейишнинг ўзи кулгули ва ҳаётдан йироқ одамнинг ҳавойи гапидан ўзга нарса эмас. Чунки хорижда юрган аёллар ҳам, эркаклар ҳам бу ердагилардан камида икки баробар кўп ишлайди – у ерларда гастарбайтерларга муносабат шунақа.

Шунингдек, Бош вазир Бандлик вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда жойлардаги демографик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ишсизлар даражасини ўрганиб, таклиф бериши ва бунда, албатта, хотин-қизлар қўмитаси таклифларини олиши, маҳаллий аҳоли учун муносиб иш ўринларини ташкил этиш Президентимизнинг талаби эканини таъкидлади ва ўзининг Ҳукумат таркибидаги фаолияти даврида аҳоли ва биринчи навбатда, аёлларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш борасида биргаликда иш олиб боришга ваъда берди.

Бинобарин, мақоламиз бошида айтиб ўтганимиздек, тараққийпарвар давлатлар оналарга алоҳида эътибор қаратгани боис шу даражага эришганлар. Японлар “Бизга маълумотли оналарни беринг, биз сизга мамлакатни юксалтириб берамиз!” шиорини дастуруламал қилгани боис юксак тараққиётга эришди. Сингапурда олий маълумотли қизга уйланган йигитга давлат катта мукофот беради. Бизнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда ҳам аёлнинг жамиятда тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида Ҳукуматимиз аёлларга янги иш ўринлари яратиш, вояга етиб келаётган қизларимизнинг сифатли таълим олишлари учун  барча шароитларни яратишга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, Ватанимизда дунёдаги номдор олий ўқув юртларининг филиаллари очилиши жуда ҳам қувонарлидир. Зеро, Бош вазир таъкидлаб айтганидек, аёллар масалаларига оид муаммони ҳал этиш фақат Хотин-қизлар қўмитасининг вазифаси эмас, бутун жамиятнинг келажак авлодлар олдидаги бурчидир.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan