Қироат илмида мўътабар манба
Қуръонни тўғри ва чиройли ўқиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги катта масъулиятдир. Унинг ҳар бир ҳарфини аниқ ва тўғри талаффуз қилиш – фарз. Уни ўргатадиган илм тажвид деб аталади.
Тажвид илми соҳасида кўплаб китоблар битилган. Уларнинг энг машҳури Ибн Жазарий қаламига мансуб “Муқаддима” манзумасидир. Шеърий услубда ёзилган ушбу асарда тажвиднинг энг муҳим қоидалари, ҳарфларнинг махражлари, ҳаракат ва сифатларига оид маълумотлар содда, ёдлаш учун осон тарзда баён қилинган. Шунинг учун бу асар ҳозиргача тажвид борасидаги энг муҳим манба, қўлланма бўлиб келмоқда.
Бу асар нафақат араб ўлкаларида, балки Марказий Осиё ҳудудларида ҳам кенг тарқалган. Олимлар унга кўплаб шарҳлар ёзишган. Юртимиздан етишиб чиққан улуғ аллома Исомиддин Тошкўпризода (1495–1561) ҳам Имом Жазарийнинг “Муқаддима”сига шарҳ битган кишилардан. Исомиддин Тошкўпризода Туркиянинг Тоскопру шаҳрида туғилган. Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризода. Отаси Мустафо Каҳҳол илмга муҳаббатли инсон бўлган. Исомиддин Истанбул, Эдирне ва Бурса каби шаҳарлардаги машҳур мадрасаларда таҳсил олиб, фиқҳ, тафсир, ҳадис, мантиқ, тиббиёт каби фанларда чуқур билим эгаллаган. Узоқ йиллар мударрислик қилган. Тарих, адабиёт, айниқса, Қуръон илмларига оид асарлари билан танилган.
Қуръон илмидаги энг машҳур ишлардан бири “Шарҳ ал-Муқаддимат ал-Жазарийя” асаридир. Бу асарда у Ибн Жазарийнинг шеърларини таҳлил қилиб, оддий ва содда тилда шарҳлаган. Ҳар бир тажвид қоидасини изоҳлаб, амалий мисоллар билан бойитган. Тошкўпризода бу шарҳда фақат матнни тушунтирибгина қолмай, балки ўзининг илмий мулоҳазаларини, бошқа олимларнинг фикрларини ҳам келтирган. Шу жиҳатдан ушбу шарҳ қироат соҳасидаги муҳим манба ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳам Тошкўпризоданинг бу шарҳи мутахассислар томонидан чуқур ўрганилмоқда. Айниқса, тажвид илмини мукаммал ўрганмоқчи бўлганлар учун унинг изоҳ ва тушунтиришлари катта фойда беради. Бу асар орқали юртимизда ҳам Қуръон илми кенг ёйилган. Унинг қолдирган илмий мероси, айниқса, Қуръон соҳасидаги хизматлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Абдумўмин МЕЛИБОЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси
http://hidoyatuz.taplink.ws