Кумуш айбдорми ёки Зайнаб?
Ўзбек миллий ахлоқи айбни ўзгадан эмас, ўзидан қидирмоқни тақозо этади. Халқимизнинг бунга далолат қилувчи машҳур мақоли ҳам бор. “Ўткан кунлар” муаллифи Зайнаб образини тасвирлар экан, унда ана шу фазилат етишмаслигига ишора қилади. Бошқача айтганда, муаллиф миллий ахлоқнинг зиддини тасвирлаш орқали ҳам бу фазилатнинг мавжуд бўлмаслиги наинки муайян шахсни, ҳатто оила ва жамиятни ҳам инқирозга олиб келиши муқаррар эканини образли тасвирлайди. Жумладан, Юсуф ҳожи Зайнабга Кумуш билан эгачи-сингилдек аҳил бўлиши зарурлигини уқтирган лавҳага эътибор беринг:
– Эгачи-сингил бўлиб кетарсиз-а? – деб такрор сўради қайин ота.
– Билмадим…
– Нега тағин билмай қолдинг? Зайнаб бир мунча вақт ўйланиб қолди.
– Қарс икки қўлдан чиқадир, – деди Зайнаб, – мен яхши бўлғаним билан опам ёмон бўлса, ҳозирги берган ваъдамдан нима фойда бўлсин…
– Бошқа гапларни кўнглинга келтирма, қизим. Марғилонлик келин билан сенинг бизга ҳеч фарқларинг йўқ, иккавларинг ҳам боламизнинг қўшоғи – боламизсиз! Бундай мураккаб вазиятда Юсуфбек ҳожи энг тўғри йўлни танлайди.
Аслида ҳам, ўзбек отаси, фарзандларининг саодатини, оиласининг хотиржамлигини ўйлаган одам ўзгача йўл тутиши мумкин эмас эди. Бироқ шу ўринда Зайнабнинг бадгумонлигига, келажакда ундан ёмонлик чиқишига ишора борлигини пайқаш қийин эмас. Унинг “мен яхши бўлғаним билан опам ёмон бўлса…” деган сўзлари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди. Зайнаб характерига хос, миллий ахлоққа зид бу хусусият охир-оқибатда қанча тақдирларнинг фожиасига сабаб бўлди.
Нурбой ЖАББОРОВ, филология фанлари доктори, профессор
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws