Омонат
Дўкондагилар “Муравей”га ортиб ун жўнатиб юборишди. Қопларни туширар эканмиз, саноқда бир қоп кам чиқди. “Муравей”чи йигит ҳайрон бўлиб, хижолат тортди. Ундан бироз шубҳаланганим боис хизмат ҳақини ҳеч бергим келмасди.
– Бир қоп унни топиб келасан, кейин ҳақингни бераман!
– Мен саноғига ҳам қарамадим, ака. Ҳеч қаерда тўхтамадим ҳам…
– Унни топасан! Бир қоп ун неча сўм туришини биласанми? Топмасанг, пулини тўлайсан. Қизишаётганимни кўриб отам орага тушди:
– Ўғлим, буям оила боқаман деб тирикчиликка чиққан! Атай қилмагандир, йўқса, дўконнинг ўзига ўғирликка тушиб қўяқоларди… Топилмаса ҳам, Аллоҳ борига барака беради. Йигитнинг ҳақини бериб юбор… Ҳовурим босилиб, “муравей”чининг ҳақини бердим. Аммо кайфиятим бузилди.
Орадан иккиуч кун ўтиб, кўчанинг туман марказига яқин жойида бир қоп ун тушиб қолгани ҳақида хабар эшитдим. Машинага ўтириб, ғизиллаб ўша манзилга етиб бордим. Новвойга бўлган воқеани айтиб бердим. У:
– Аёлим ун тушиб қолганини кўргану, бақириб мотоуловдаги одамни чақиришга тортинган. Дарҳол менга айтди. Унни олиб келиб дарвозахона олдига қўйдим ва “муравей”чи қайтишини кутдим. Ё келмади, ё мен ўтганини кўрмай қолдим. Хуллас, омонатингиз омборхонада.
Омборхонада унлар тартибли қилиб тахланган, йигит кўрсатган бир қоп ун омбор ўртасида алоҳида турарди. Унга раҳмат айтиб, унни олиб чиқарканман, Худони таниган, бошқаларнинг ҳақлари омонат эканини англаган одамлар борлигига амин бўлдим.
Отам яхши одамлар кўп, деб бежиз айтмас экан. Гап бир қоп унда эмас, инсоннинг қалбида экан… Маҳалладошимни ножўя хафа қилиб, кўнглига озор бериб қўйганим учун надомат чекдим, узр сўрашни кўнглимга тугдим.
Фазлиддин АБДУНАЗАРОВ,
Қува тумани
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws