Саудия Арабистонида Амир Темур мероси ҳақида маълумот берилди
Саудия Арабистонининг Даммам шаҳрида жойлашган Имом Абдураҳмон номидаги университетда Амир Темурнинг ҳаёти ва давлатчилик фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар беради «Дунё» ахборот агентлиги.
Тадбир мазкур олийгоҳ ўқитувчиси, Ўзбекистон фуқароси Айтен Алқаҳтани томонидан Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Учрашув давомида талабаларга буюк саркарданинг сиёсий ва ижтимоий фаолияти, унинг бошқарув тизими ҳамда Темурийлар даврининг миллий давлатчилик ривожидаги ўрни ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, Соҳибқироннинг тарихий ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилди ва бугунги кунда унинг сиймоси Ўзбекистоннинг миллий ўзлиги ва куч-қудрати рамзи сифатида хизмат қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, тақдимотда Амир Темур бобомизнинг дипломатия тамойиллари, илм-фанга бўлган ҳурмати ва бунёдкорлик ғоялари замонавий мустақил давлат пойдеворини ташкил этгани қайд этилди.
Тақдимот якунида ушбу буюк шахс қудратли марказлашган давлат асосини яратгани таъкидланди. «Темурийлар Ренессанси» деб аталган бу давр ҳарбий санъат, оқилона бошқарув ва маданият юксалишини ўзида мужассам этган.
Тақдим этилган материаллар талабаларга минтақа бой мероси ва унинг Шарқнинг интеллектуал ҳамда маънавий анъаналарига таъсири ҳақидаги билимларини кенгайтиришга хизмат қилди.
И.Аҳмедов тайёрлади.