Улуғ насиба
Иймон ва илм жам бўлган бандада Аллоҳга нисбатан ҳақиқий қуллик намоён бўлади. Аллоҳ таоло илк нозил қилган ояти каримасида бизларни илм олишга буюрган: “Яратган Раббингиз номи билан ўқинг!”(Алақ сураси, 1-оят).
Ояти кариманинг маъносидан маълум бўладики, илм олиш Аллоҳнинг буйруғидир. Зеро, У Зотнинг розилиги учун илм олинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини доимо илм талаб қилишга чақирганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Балки улар илмни мерос қолдирганлар. Ким илмни олса, улуғ насибани Улуғ насиба олибди”» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифда илм ва илм аҳлининг фазилатлари тўғрисида хабар берилмоқда. Дарҳақиқат, Аллоҳга иймон келтирган ҳамда илми бор киши одамлар орасида ҳусни одоби билан ажралиб туради. Хусусан, улардаги кенгфеъллик ва кечиримлилик хислатини олайлик. Одамларга яхшилик қилиш ва кечиримли бўлиш ўтган улуғ зотларнинг одатларидан.
Анвар АҲМЕДОВ,
Жомбой тумани “Шайх Худойдод Вали” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws