Дийдор қиёматга қолди
1947 йилнинг куз ойлари эди. Ўшанда мен Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйларидан бирида тарбияланар эдим. Кутилмаганда мудир мени ҳузурига чақириб қолди. Тезда бордим. Мудиримиз:
— Ўғлим, отанг ҳарбий хизматдан қайтибди. Бугуноқ уни кўргани отлан, — деди ва икки кунлик озиқ-овқат солинган тўрвамни ҳамда бориб-келишимга етарли маблағни қўлимга тутқазиб, Тошкент темир йўл вокзалига кузатиб қўйди.
Вокзалдан Андижон сари кетяпман-у, кўнглим гўё меҳрибонлик уйида қолгандай. Бу ерда беш йил таълим олиб, турли миллатга мансуб болалар билан дўст тутинган эдим. Улар билан худди бир оила фарзандларидек бўлиб кетгандик.
Турнақатор тизилиб турган вагонлардан бирига чиқиб жойлашдим. Орадан 8–10 соатча ўтиб, Андижон вокзалига етиб бордик. Шаҳардан қишлоғимизгача икки-уч чақирим масофа бор.
Қишлоғимизга яқинлашганимда бир мўйсафид отахон кўприк устида тўхтади-да, менга:
— Йўл бўлсин, ўғлим, — деб кўприк тутқичидан ушлаб, менга худди эски танишдай тикилди.
— Мен шу қишлоқлик Мансуржон деган одамнинг ўғли бўламан. Отам яқинда ҳарбий хизматдан қайтибди. Шу хабарни эшитиб Тошкентдан келяпман. Сиз отамни танийсизми?
Отахон ўйланиб қолди ва ҳассасининг учи билан ер чизиб деди:
— Аввало, мени маъзур тутасан. Бироқ айтмасам бўлмайди. Менинг ўрнимда бошқа биров бўлганда ҳам шундай қиларди.
— Нима гап, тинчликми? Отам тирикми?
— Кошки тирик бўлса…
Отахоннинг бу гапидан кейин ўзимни тутолмай қолдим. Бутун танам титраб кетди.
— Отанг урушда оғир жароҳат олиб қишлоққа қайтгач, бор-йўғи 17 кун яшади. Кеча омонатини топширди, болам.
Отахон кўз ёшларини белбоғи учи билан арта туриб:
— Отанг ҳарбий хизматдан қайтганда кўкси орден ва медалларга тўла эди. Уни кутиб олишга бутун қишлоқ аҳли чиқди. Гўё тўй бўлиб кетди. Раислар гузарда нутқ сўзлашди. Айниқса, қишлоғимиз ёшларининг отангга ҳавас билан қарашларини кўрганингда эди…
Мен отахондан узр сўраб, қишлоғимиз қабристонига югурдим. Чопиб кетяпман-у, бутун вужудимни умидсизлик қамраб олгандай туюлар, орзуларим куртак очмай, қуриб қолаётгандек эди.
Чор-атрофи пастқам пахса девор билан ўралган қабристонга яқинлашгач, чарчоқдан зилол сув оқаётган ариқча бўйида тўхтадим. Елкасига кетмонни қўндириб олганча қабристондан чиқиб келаётган 30 ёшлар чамасидаги бир киши ёнимга келиб:
— Нима гап, бирор кор-ҳол бўлдими? — деди.
Ўзимни тутиб туролмай йиғлаб юбордим:
— Мен… отамнинг қабрини зиёрат қилгани келдим…
— Отангиз ким? — дея сўради ҳалиги киши кўзларимдан шашқатор оқаётган ёшларни кўриб.
— Мансур ака.
— Мансуржон аканинг ўғлиман денг, — деди ҳалиги киши ариқчадан қўлларини ювиб, белбоғига артар экан. — Мен билан юринг, отангизнинг қабрини кўрсатаман.
Ҳалиги киши ортидан бориб, ҳали тупроғи совиб улгурмаган қабр ёнида тўхтадик. Уч марта Ихлос сурасини ўқиб, отам ва марҳум мўминларнинг руҳига бағишлаб дуо қилдик.
Қабр ёнида узоқ вақт ўйга толган бола:
“Отам, отажоним… Тақдир экан, дийдорингизни кўролмадим. Сизни роса кутдим, отажон. Она меҳрига, ота дийдорига тўймаган етим бўлиб қолдим”, деди.
Марҳумга истиғфор айтсин деган мақсадда қабр атрофига райҳон экилди.
…Мен қишлоқдошларим билан хайрлашиб, яна Тошкентга қайтдим. Меҳрибонлик уйидаги инсонлар меҳр кўрсатиб, бошимни силашди. Орзу-умидларим, интилишларим рўёбга чиқишида улар ёрдамларини аяшмади.
Ўқидим, ўсиб-улғайиб, яхши инсонлар сафидан жой олдим.
Яқинда ўзим туғилган қишлоққа бордим. Отамнинг номини абадийлаштириш мақсадида қишлоғимиз у кишининг номи билан атала бошланибди.
Туманимиз марказидаги “Хотира китоби”да отамнинг исм-шарифи борлигини кўриб, юртимизда яхши инсонлар кўплиги, уларнинг хизматлари ҳеч қачон унутилмаслигига амин бўлдим.
Ашурали Бобоқулов,
Хўжаобод тумани.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws