Амат бинти Холид
Тўлиқ исми Амат бинти Холид ибн Саид ибн Ос Қурайший Умавий Маккийдир. Онаси Умайма бинти Халаф Хузоия ҳам Исломга биринчи кирганлардан.
Амакиси Амр ибн Саид ибн Ос икки ҳижрат соҳиби ва Ярмук шаҳидларидан.
Аматнинг бахтли ҳаёти отаси Холид ибн Саид розияллоҳу анҳу кўрган тушдан бошланди. Отаси айтади:
«(Рисолат келган кезлари) туш кўрдим. Киши кафтини ҳам кўролмайдиган даражада Маккани зулмат қоплабди. Шу вақт Замзам қудуғидан нур чиқди ва Байтуллоҳни ёритди. Сўнгра Маккани ёритиб, Мадина томонга ўтди. Ясрибни шу даражада ёритдики, ҳатто у ердаги дарахтда пишиб етилмаган хурмоларни кўрдим.
Тонг ёришгач, тушларимни акам Амр ибн Саидга айтдим. У: “Бани Абдулмутталибда рўй берадиган ҳодиса бўлса керак. Боиси, Замзам қудуғини улар қазишган”, деди».
Аматнинг ривоят қилишича, отаси Холид ибн Саид Исломни бешинчи бўлиб қабул қилган ҳамда “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни биринчи кўчирганлардан биридир.
Машаққатсиз ҳаёт бўлмайди. Парвардигорнинг “…(иймонларида) содиқдирлар” деган даражага эришиш осон бўлмайди. Аматнинг отаси Холид ҳам бошқа саҳобалар каби мушриклар қўлидан азият чекди, уларнинг таъна-дашномларига сабр этди. Сўнг Набий алайҳиссаломнинг тавсияларига биноан Ҳабашистонга биринчилардан бўлиб ҳижрат қилди. Амат ва унинг укаси Саид ўша ерда туғилди.
Орадан йиллар ўтди. Ниҳоят, ҳижратнинг еттинчи йили Хайбар ғазоти якунлангач, Холид оиласини олиб, икки кема соҳиблари билан Мадинаи Мунавварага қайтди.
Амат у кезларда ёш қизалоқ эди. Шунга қарамай, кўп хотираларни мусулмонларга сўзлаб берди. Улардан бирида:
«Ҳабашистондан йўлга чиққанимизда Нажошийнинг икки кема соҳибларига: “Барчангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саломимни етказинг”, деганини эшитдим. Мен Набий алайҳиссаломга унинг саломини етказганлардан бири бўлдим», дейилади.
Мадинаи Мунаввара Амат ва унинг яқинларига янги ҳаётни тақдим этди. Тақдир унга муборак заминда Расулуллоҳ алайҳиссаломга саҳоба бўлиш бахтини насиб этди. Қиёматга қадар Ислом тарихида фахр билан эсга олинадиган ҳодисалар қаҳрамонига айланди.
Амат розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломнинг ҳадя берганларини бундай хотирлайди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўлларида қора-сариқ йўл-йўл кўйлак кўтариб келдилар. Сўнгра: “Ушбу кўйлакни кимга кийдираман, деб ўйлайсиз?” дедилар.
Атрофдагилар у зотни сукут сақлаб кузатди. Набий алайҳиссалом: “Менга Аматни олиб келинглар, буни унга бераман”, дедилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак қўллари билан менга кўйлак кийдирдилар ва: “Кийиб-кийиб тўздиргин”, дея икки бор такрорладилар. Яъни: “Санаҳ, санаҳ”, дедилар».
Амат Ҳабашистонда бир неча йил яшагани боис у зот эркалаб ҳабаш лаҳжасида гапирган эдилар.
Ровийлардан Абдуллоҳ ибн Муборак Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу муборак дуоларининг баракоти сабаб Аматнинг узоқ умр кўрганини хабар қилган.
Амат розияллоҳу анҳо умрининг сўнгги кунига қадар Набий алайҳиссаломнинг ҳадясини мақтаниб, зиёратга келган аёлларга кўрсатарди.
Қаҳрамонимизнинг ривоятидан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёш болаларга жуда илтифотли бўлганлари, янги кийим кийган кишининг ҳаққига дуо қилиш каби фойдаларни ўрганамиз.
Амат улғайиб, Зубайр ибн Аввомга турмушга чиқди ва Холид, Амр исмли фарзандлар кўрди.
Амат розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломдан еттита ҳадис ривоят қилган. Улардан иккитаси Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳ”ида келтирилган. Бу саҳобиядан Саид ибн Амр ибн Саид, Мусо ибн Уқба ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.
Амат розияллоҳу анҳо энг охирги вафот этган саҳобия аёллардан биридир. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Озода Маҳкамова тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws