Шайтон васваса қилса, Аллоҳдан паноҳ тиланг…
«Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг. Агар сизни шайтон васваса қилса, Аллоҳдан паноҳ тиланг. Албатта, У эшитувчи ва билувчидир. Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар. Уларнинг дўстлари йўлдан уришда уларга ёрдам берадилар. (Бу ишда) сустлик қилмайдилар” (Аъроф сураси, 199–202-оятлар).
“Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қандай қилиб, эй Раббим, ахир ғазабланмай бўлмайди-ку?!” дедилар. Шундан кейин “Агар сизни шайтон васваса қилса” ояти нозил бўлди. Имом Зужож раҳимаҳуллоҳ: «Биз оятда “васваса” деб таржима қилаётган “назғ” сўзи шайтондан энг кичик васваса маъносини беради», деган. “Агар сизни шайтон васваса қилса”. Яъни вужудингизни эгаллаб олади. Сўнг ғазабланган вақтингизда ножоиз гапларни айттиради. “Аллоҳдан паноҳ тиланг”. Бу ҳолга тушишдан Аллоҳдан паноҳ тиланг.
Аллоҳ Ўзига илтижо қилиш ва Ундан паноҳ сўраш орқали васвасани даф қилишга буюрмоқда. Салафи солиҳлардан бири шогирдидан: «“Васваса қилаётган шайтонга қандай муомала қиласан?” деб сўради. Шогирд: “Унга қарши курашаман”, деб жавоб қилди. Устоз: “Агар қайтарса-чи?” деди. Шогирд: “Унга қарши курашаман”, деб айтди. Устоз: “Агар қайтарса-чи?” деганида: “Қарши курашавераман”, деди шогирд. Устоз: “Йўқ, бу иш чўзилиб кетади. Биласанми, қўй суруви олдидан ўтсанг-у, уни қўриқлайдиган ит акиллаб, йўл бермаса, нима қиласан?” деб сўради. Шогирд: “Итни ҳайдашга ҳаракат қиламан”, деди. Устоз: “Йўқ, бу иш чўзилиб кетади. Бунинг ўрнига қўйлар Эгасидан паноҳ сўра. Ўзи сенга кифоя қилади”, деди».
Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шайтон бирингизга келиб: “Буни ким яратди? Уни ким яратди?” дейди. Ҳатто: “Раббингни ким яратди?” ҳам дейди. Қачон шунга етганида у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин”, дедилар».
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан васваса ҳақида сўрашди У зот алайҳиссалом: “У иймон нинг чинлиги (белгиси)дир”, дедилар». Ҳадисда саҳобалар қалбида Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқув борлиги, дилларига тушган нарса учун ўзларини койишларини Набий алайҳиссалом: “Иймонингизнинг чинлиги (белгиси), холислиги боис қўрқувни ҳис қилмоқдасиз”, демоқдалар. Васвасани “иймон” деб аташларининг сабаби уни тарк этиш, ундан юз ўгириш, уни қайтариш ва қабул қилмаслик ҳамда ундан қўрқишнинг барчаси иймон туфайлидир. Набий алайҳиссаломнинг васвасадан паноҳ сўрашга буюришлари у шайтоннинг амали экани боисдир. Аммо ундан тўхташ, унга мойил бўлмаслик – иймоннинг чинлиги туфайлидир. Кимнинг иймони чин бўлса, Аллоҳ ва Набийси унга буюрган нарсага амал қилса, иймони мустаҳкам бўлади.
“Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар”. Чунки шайтон мўминларни ширк келтириш ва гуноҳ қилишларини хоҳлайди.
“Агар уларга шайтондан васваса бўлса”. Имом Мужоҳид васвасани кучли дарғазаблик, деган. “улар (ҳақни) кўрувчидирлар”, яъни тўхташади.
Исом ибн Мусталиқ Мадинада Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан вазминлик ва яхши муомала кўргани ҳақида айтади: «У менга меҳр билан қаради, сўнг: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, деди. Кейин “Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг. ” оятидан “…улар (ҳақни) кўрувчидирлар” оятига қадар ўқиди. Сўнг: “Тинчлан! Мен ўзим ва сен учун Аллоҳга истиғфор айтаман. Кўмак керак бўлса, айт, кўмаклашамиз. Қўноқ сўрасанг, берамиз. Йўл-йўриқ кўрсатамиз”, деди. Сўнг: “Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлироғидир” (Юсуф сураси, 92) оятини ўқиди. Сўнгра: “Шомликмисан?” деб сўради. Мен: “Ҳа”, дедим. Ҳусайн: “Сенга Аллоҳнинг саломи, офияти бўлсин. Эҳтиёжинг ва муаммонгни айт, бизнинг ўйлаганингдан ҳам яхши эканимизни биласан”, деди. Исом айтади: “Шу онда кенг ер менга тор бўлди. Осмон устимга қулаб тушишини орзу қилдим. Қочарга жой қидирдим. Бу вақтда ер юзида у ва унинг отасидан кўра менга севимлироқ одам бўлмади».
“Уларнинг дўстлари йўлдан уришда уларга ёрдам берадилар. (Бу ишда) сустлик қилмайдилар”.
Бир ўринда: “Фожирлар – шайтоннинг биродарлари. Чунки улар унга бўйсунадилар”, дейилган. “(Бу ишда) сустлик қилмайдилар”, яъни тавба қилмаслар ва (гуноҳдан) қайтмаслар. Имом Зужож айтади: «Оятнинг маъноси бундай: “Аллоҳдан ўзгага илтижо қиладиганларингиз сизга ҳам, ўзларига ҳам ёрдам беролмаслар». Бир ўринда “(Бу ишда) сустлик қилмайдилар” оятида кофирлар, бошқа бир ўринда шайтонлар назарда тутилган, дейилган. Имом Қатода оятни: “Сўнгра улар адаштиришдан тўхташмайди ва ташлаб ҳам кетишмайди”, деб тафсир қилган.
“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунир” асосида Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
* * *
Қалб касалликларимизнинг сабаби ғафлатдир. Ғафлатнинг сабаби зикрнинг камлигидир. Яна “қийлу қол”, яъни “деди-деди”га боғланиб қолганимиздир. Яна бир сабаби тариқат ходими (комил муршид)га холис боғланишнинг заифлигидир.
Шайх Аҳмад Фатҳуллоҳ Жомий
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws