Жонзотлар ҳам инсон каби умматдир
Ислом дини инсонларни нафақат маънавий покликка, балки табиатга нисбатан яхши муносабатда бўлишга буюради. Шунга кўра, динимиз борлиқни тўрт қисмга бўлади. Булар жамодот, наботот, ҳайвонот ва инсоният оламидир.
Баъзи суралар ана шу оламларга тегишли жисм ва жонзотлар билан аталганига гувоҳ бўламиз: «аш-Шамс» (Қуёш), «ал-Қамар» (Ой), «ан-Нажм» (Юлдуз) — жамодот олами; «ат-Тийн» (Анжир) — наботот олами; «ан-Намл» (Чумоли), «ан-Наҳл» (Асалари), «ал-Бақара» (Сигир) — ҳайвонот олами; «Муҳаммад», «Нуҳ», «Марям» — инсоният олами.
Бу билан Қуръони карим инсонни Ер юзини обод қилишга, уни асраб-авайлашга, муҳофаза этишга ва эъзозлашга чақиради. Ер, сув, ҳаво ва жонли мавжудотлар инсонга берилган омонат эканини таъкидлайди:
«У осмонлару ерни ҳақ ила яратган Зотдир» (Анъом сураси, 73-оят).
Бошқа бир оятда эса бундай дейилади:
«У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг» (Мулк сураси, 15-оят).
Қуръонда ўсимликлар ва дарахтлар Ернинг зийнати экани таъкидланади:
«У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан янги сабза урган ўсимликларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар ва хурмодан — унинг тугунчасидан яқин шингиллар ҳамда узумлардан боғлар, шунингдек, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева тугиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят (белги)лар бордир» (Анъом сураси, 99-оят).
Қуръони каримда турли мевалар инсон учун буюк неъмат ва шифо манбаи сифатида тасвирланган. Улар нафақат дунё ҳаётидаги неъматлар, балки жаннатдаги улуғ мукофотлар сифатида ҳам зикр қилинади:
«У сув билан сизларга экинлар, зайтун, хурмо, узум ва турли меваларни етиштириб беради. Албатта, бу нарсаларда тафаккур қилувчи қавм учун аломатлар бор» (Наҳл сураси, 11-оят).
Қуръони каримда ҳайвонлар ҳақида ҳам алоҳида таъкидланган:
«Ер юзидаги жонзот ва икки қаноти ила учадиган қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир…» (Анъом сураси, 38-оят), дея марҳамат қилинган.
Бу оят ҳайвонлар ҳам инсонлар каби Аллоҳнинг яратган мавжудотлари экани ва уларни ҳимоя қилиш кераклигини англатади.
Шунингдек, бошқа оятларда ҳайвонлар инсонларга берилган неъмат экани таъкидланиб:
«Аллоҳ сизлар учун саккиз жуфт чорва ҳайвонини яратди. Уларнинг ичидан баъзиларининг гўштини ейсизлар, баъзиларидан эса фойдаланасизлар», дейилади (Зумар сураси, 6-оят).
Қуръони каримда қушлар ҳақида бир неча ўринда зикр қилинган бўлиб, улар Аллоҳнинг қудрати белгиси сифатида тасвирланган:
«Осмонлару ердаги ҳар бир нарса ва қанот ёйиб парвоз қилувчи қушлар Аллоҳни улуғлайди. Ҳар бири ўз тасбеҳини ва намозини билур. Аллоҳ эса улар амал қиладиган ишларни билувчидир» (Нур сураси, 41-оят).
Қуръони каримда от, сигир, қўй, туя ва бошқа чорва ҳайвонлари ҳақида кўплаб оятлар келган. Бу билан ҳайвонларга шафқат қилиш, уларга озор бермаслик, бу неъматлар қадрига етиш кераклиги уқтирилади.
Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws