Салавот самараси
Имом Муҳаммад Жазулийнинг машҳур “Далоилул хойрот” асари ёзилишига бир воқеа сабаб бўлган. Бир куни Муҳаммад Жазулий раҳимаҳуллоҳ сувсизликдан қийналаётган бир қишлоқдан ўтаётганида таҳорат қилмоқчи бўлади. Аммо сув топа олмайди, қудуқлар қуриган экан. Сувни қандай топишни ўйлаб ўтирганида, бир аёл қудуқ ёнига келиб, нималарнидир ўқийди ва қудуққа қарайди. Шунда қудуқдан сув тошиб чиқади. Буни кўрган Имом Жазулий лол қолади. Таҳорат олгач, ўша аёлдан сўрайди: “Нима деб дуо қилдинг?”. Аёл: “Дуо қилмадим, салавот айтдим”, дейди. “Далоилул хойрот” асари тўлиғича Расулуллоҳга салавот айтишга бағишланган.
* * *
Аллома Абдураҳмон ибн Муҳаммад Фосий “Далоилул хойрот” асари ҳақида: “Набий алайҳиссаломга айтиладиган салавотлар тасниф этилган энг афзал китобдир. Эътикофда ўтириб, ушбу китобни давомли ўқиш аброрларнинг вазифасидир”, деган.
* * *
“Кашфуз зунун” асари муаллифи Ҳожи Халифа “Далоилул хойрот” асари борасида: “Бу китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишда Аллоҳнинг ҳужжатларидан биридир. Уни мағрибу машриқда, шу жумладан, Румда ҳам қўлдан қўймай ўқишни одамлар ўзларига вазифа қилиб олишган” деган.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws