Танбеҳдан сўнг лой ўйнаган авлиё
Боязид Бистомий ҳазратлари сафарга чиқиб, йўлда кетаётганларида бир қишлоқдан ўтаётиб лой ўйнаётган болаларни кўрди. Улардан:
– Қандай ўйин ўйнаяпсизлар? Бу икки инсон ким? – деб сўради. Болалар:
– Бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, буниси эса, Ойша онамиз. Уларнинг тўйларини қиляпмиз, -дейишди.
Боязид Бистомий ҳазратлари ғазабланиб:
Ундай қилманглар! Ахир бу лой бўлса, Расулуллоҳнинг даражаларига тўғри келмайди, деб болаларни койиб берди ва ҳассаси билан уларнинг ясаганларини бузиб, йўлида давом этди.
Анча йўл босиб ўтиб, муроқаба ҳолида Расулуллоҳни кўрдилар. У зот Боязид ҳазратларига:
– Нега болаларни койиб бердинг. Ахир, улар бола бўлса… – дедилар.
Боязид Бистомий ҳазратлари ортларига қайтиб, бир кунлик йўл юриб, ҳалиги қишлоққа етиб келди ва болалар билан бирга лой ўйнаб, Расулуллоҳ алайҳиссалом би-лан Ойша онамизнинг “тўйларини қилиб”, завқланишди.
“Ҳилятул авлиё” китобидан
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 4-сонидан