Миср Вақфлар вазирлиги тарихдаги илк мураттал Мусҳаф ёзуви хотирасини нишонлади
IQNA: Миср Араб Республикаси Вақфлар вазирлиги 1961 йил 23 июль куни тарихдаги илк мураттал Қуръони карим аудиоёзуви тўлиқ якунланганининг йиллигини нишонлади. Вазирлик ушбу лойиҳани Қуръони каримга хизмат қилиш ва уни бутун дунёга ёйиш йўлидаги муҳим тарихий босқич сифатида баҳолади.
Вазирлик баёнотида қайд этилишича, мазкур лойиҳа ўша даврда Вақфлар вазирлиги ҳузуридаги Ислом ишлари олий кенгаши назорати остида амалга оширилган. Лойиҳа Қуръони каримни ўргатиш ва тарқатишда янги имкониятлар очиб бериб, Қуръон ва қироат илмининг етук уламолари иштирокида ҳаётга татбиқ этилган.
Баёнотда таъкидланишича, бу хайрли иш Ал – Азҳар шайхи, Фазилатли Имом ал-Акбар Шайх Маҳмуд Шалтут ва Қуръонни овозли тарзда жамлаш ғояси муаллифи доктор Лабиб ас-Саиднинг саъй-ҳаракатлари самараси бўлган.
Ўша пайтдаги Вақфлар вазири Аҳмад Абдуллоҳ Туайма раҳбарлигида Ҳафс ривояти бўйича Осимдан келган қироатда мураттал мусҳафни ёзиш вазифаси машҳур қори Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусорийга топширилган ва иш махсус илмий ҳайъат назоратида амалга оширилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, ушбу аудиоёзув Қуръони карим тиловатининг энг ишончли аудио манбасига айланди. У тўғри тиловат услубини сақлаш, Қуръонни бузиб талқин қилишга йўл қўймаслик ҳамда Мисрнинг Аллоҳ китобига хизмат қилишдаги етакчилигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.
Кейинчалик Мисрнинг машҳур қорилари томонидан амалга оширилган бошқа ёзувлар ҳам дунё бўйлаб кенг тарқалди. Шунингдек, Вақфлар вазирлиги Қуръони каримга хизмат қилиш йўлидаги фаолиятини давом эттираётганини, хусусан, “Тиловат дунёси” ташаббуси, Қуръон қироати мажлисларини кенгайтириш, Қуръон ёдлатувчи мутахассисларни тайёрлаш марказлари ва Қуръон мусобақаларини ривожлантириш орқали Мисрнинг бу соҳадаги нуфузини янада мустаҳкамлашга интилаётганини билдирди.
И.Аҳмедов таржимаси.