Аллоҳ сизни мағфират қилишини истасангиз…
«Сизлардан солиҳ ва мол-мулкка эга кишилар қариндошларига, камбағалларга ва Аллоҳ йўлида муҳожир бўлганларга эҳсон қилмасликка қасам ичишмасин, уларни афв этишсин, жазолашмасин! Аллоҳ сизларни (гуноҳларингизни) кечиришини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Нур сураси, 22-оят).
Ояти карима Мистаҳ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. У Абу Бакр розияллоҳу анҳу холасининг ўғли ва камбағал муҳожирлардан эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унга (эҳсон) берарди. У хато қилганда Абу Бакр Сиддиқ унга асло ёрдам бермасликка қасам ичди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ояти каримани Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга тиловат қилиб, “Аллоҳ сизларни (гуноҳларингизни) кечиришини истамайсизми?” қисмига етганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Ё Раб! Мен гуноҳларимни кечиришингни истайман”, дейди ҳамда Мистаҳ ва у билан бўлганларни афв этади.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу биринчилардан бўлиб Исломга кирган, Усмон ибн Аффон, Талҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Усмон ибн Мазъун каби саҳобаларнинг Исломга киришларига сабабчи бўлган, мусулмон бўлганлари учун қийноқ-азобларга дучор бўлган қул-чўриларни сотиб олиб озод қилган, мол-дунёсини Аллоҳ розилиги йўлида аямаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дўст-ҳамроҳ, қайнота бўлган.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг розилигини истаб эҳсон қилувчилардан эди.
Энг оғир озор – яқин кишилардан етадигани, яхшилик ўрнига ёмонлик қайтариш. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ана шундай озорларни чекди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг амрига итоат этиб, озор берганларни кечирди. “Аллоҳ сизларни (гуноҳларингизни) кечиришини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”. Ёмонлик қилган кишини афв этиш мустаҳаб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни бир нидо қилувчи: “Кимнинг Аллоҳда ажри бўлса, турсин”, дейди. Шунда фақат одамларни кечирувчилар ўриндан туради”, деб: “Ким кечирса ва ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳ зиммасидадир”», оятини тиловат қилдилар.
“Банда ўзидан узилган билан боғланмагунча, унга зулм қилганни кечирмагунича, ундан тортиб олганга бермагунича фазл эгаси бўлолмайди”. Бу оят яхшилик қилмаслик учун қасам ичиш жоиз эмаслигига далолат қилади.
“Тафсири Розий” асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан