Бахт кексалар дуосида
Бухоро вилоятининг айрим туманларида “орзу-ҳавасли” қудалар қимматбаҳо ресторанларни гаплашишади. Айниқса, ҳашаматга ўч аёллар дастурхонни тўлдириш, гарчи исроф бўлса-да, “Одамлар нима дейди?” деб буюмларнинг аслини олишга муккасидан кетади. Бунинг оқибатида келин томон ҳам, куёв томон ҳам қарз олиб, уни тўлаш учун олис юртларда сарсон бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дини, хулқи сизни рози қиладиган киши совчи қўйиб келса, (қизингизни) унга никоҳлаб беринг. Агар шундай қилмасангиз, ерда фитна ва катта фасод чиқади” дедилар (Имом Термизий ва Имом ибн Можа ривояти).
Катта қизи шартномада ўқийди, иккинчи ўғлига ҳам контракт тўлашади, кенжаси ҳозирча мактабда. Яхши жойдан келган совчиларга йўқ деёлмаган бир танишим яхшигина ишини ташлаб, хорижда ёлланма ишчи бўлиб ишлаяпти. “Тўй учун қарзларимдан қутулсам, юртга қайтаман”, дея қийналиб қолганини айтади у.
Бир қариндошим эса қизини узатиш учун қудалар қўйган талаб 50/50 харажат ва қимматбаҳо мебелларни олиш мақсадида 8 сотих ҳовлисининг ярмини сотди.
Балки бугун никоҳларимизда барака йўқлигига сабаб оилавий жанжаллар кўпайиб кетгандир. Ахир, ёшларнинг жонини койитмай, қимматбаҳо мебеллар ва буюмларни бериб, уларни дангаса қилиб қўямиз-да. Балки ёшлар ҳамма нарсага ўзлари эришса, ўзлари хоҳлаётган ҳашаматни ҳалол меҳнатлари билан топсагина, уларнинг қадрига етар. Фарзанд тарбиялаб, роҳатини кўраман, деган ота-она оҳори тўкилган уйдаю, ҳали ғўр ёшларнинг дабдабали ҳаёти инсонийликка тўғри келмайди. Шу жиҳатдан, аввало, бундай исрофларнинг олдини олайлик. Тўйларни камчиқим, камхарж, дабдабасиз ўтказайлик. Бахт буюмда эмас, кексаларнинг дуосида, Аллоҳга хуш келадиган амалларни бажаришдадир. Зеро, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Энг баракали никоҳ – харажатлари енгил бўлганидир” (Имом Байҳақий ривояти), дейилган.
Тошпўлат АШУРОВ,
Когон шаҳри
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws