Қаноатли кишининг умри доим баҳор…
Қаноатли кишининг умри доим баҳор
Изоҳ. Қаноат қалбларга, хулққа безак. Қаноатли инсон борига шукр қилгани учун ҳам сўзлари эътироздан, феъллари норозиликдан холи. Кўзларининг ҳамиша вазмин ва хотиржам боқиши, осуда юзларидан беозорлик балқиб туриши ҳам қаноат туфайли. Қаноат лойқани тиндиради, атрофга мусаффолик уруғини сочиб, муносабатлардан чечаклар ундиради. Қаноат ҳақида Алишер Навоий дейди: Десанг шоҳ ўлай еру кўк басдурур,
Бу бир тахту ул чатри рифъат санга.
Фано шуъласида ёшур жисмни,
Керак бўлса зарбафт хилъат санга.
Етар лола буткан қоя қулласи,
Мурод ўлса гулгун ҳашмат санга.
Яъни қаноат эгаси тахт талашиб, зўравонлик билан ҳақларни поймол этмасдан шоҳлик мартабасига етади. Оёғи остидаги ер – унинг тахти, осмон – боши узра тикилган чодирдир. У кимлигини билдириб қўйиш учун шоҳона зар тўнлар билан ўзини намойиш этиб ўтирмайди. Балки қалбини фақат илоҳий муҳаббатга маскан этиб, ундан бошқасини йўқлик қаърига отиб, шундай ҳол билан нур ҳосил этади, шу нур ичига ўзни бекитади, шу нур унга шоҳона либос бўлади. Ҳузурида эгилган бошлардан ғурурланиб, ҳукмига мунтазир эл олдидан тахтиравонда ўтиш билан ҳашамат касб этиш ҳам унинг учун ортиқча меҳнат. Қаноатли инсон учун баланд қоя чўққисида очилган лола айни шоҳона ҳашаматдир.
Ким ҳикмат жиловини қўлга олса, одамлар уни ўзларига пешво қилади
Изоҳ. Қуръони каримда зикр қилинади: “Аллоҳ (эй Муҳаммад алайҳиссалом) Сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди” (Нисо сураси, 113-оят).
Бу оят Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Китоб – Қуръони каримни нозил қилгани ва ҳикмат – суннатни қалбига ваҳий орқали жойлаганига далилдир. Буни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари ҳам тасдиқлайди: “Эсда тутинг, менга Китоб ва унинг ўхшаши биргаликда берилди” (Имом Абу Довуд ривояти). “Саҳиҳи Бухорий”нинг шарҳида Ибн Баттол мазкур ҳадисни изоҳлаб айтади: “Менга Китоб ва унинг ўхшаши биргаликда берилди” ҳадиси хусусида аҳли илм дейди: “Ўхшаши” сўзидан ваҳий бўлган суннат ирода қилинган.
Улуғлардан бири айтади: “Ким охират яхшилигини, дунёнинг ҳикматини, сийратнинг адолатини, барча гўзал ахлоқ ва фазилатларни жамлашни хоҳласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашсин, имкон етгунча у зотнинг хулқларини ҳосил қилсин”.
Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул яқин” асарида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳали пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам ҳурматга муносиб зот бўлганлари, ҳар бир ишга ҳикмат билан ёндашганлари ва айни табиати сабаб одамлар у зотнинг ҳукмини қабул қилганлари билан боғлиқ бир воқеа келтирилади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўттиз беш ёшга етганларида Макка шаҳрини сел босади. Бир неча йил муқаддам юз берган ёнғинда шикастланган Каъба деворлари тошқин оқибатида ёрилиб кетади. Шундан сўнг қурайш аҳли Каъбанинг қайта қурилишини бошлашади. Қурилиш битгач, Ҳажарул асвадни жойига қўйиш лозим эди. Бу шарафли ишни ким бажариши қаттиқ баҳсу мунозараларга сабаб бўлади. Қурайш оқсоқоллари “сан-ман”га бориб, биров-бировга ён бергиси келмас, шу баҳона ҳар ким ўз нуфузи ва насл-насабини улуғлашга интилар эди. Талашиб-тортишиш тўрт кунга чўзилади. Ниҳоят Холид ибн Валиднинг амакиси Абу Умайя ибн Муғира жанжаллашаётганларга қарата: “Эй халойиқ, бекорга тортишавергандан кўра ўзинглар яхши кўрадиган бир одамни танланглар. Шу одам қандай ҳукм чиқарса, ҳаммамиз рози бўлайлик”, деди. Йиғилганлар эшикдан кирган биринчи кишининг ҳукмига итоат этишга рози бўлишди. Эшикдан биринчи бўлиб кирган киши ростгўйлиги ва аминлиги билан ҳамманинг ҳурматини қозонган Муҳаммад алайҳиссалом бўлдилар. Йиғилганлар мамнуният билан: “Биз Муҳаммаднинг холислигига ишонамииз”, дейишди.
Қурайш аҳли орасида бирор жанжал, келишмовчилик юз берса, Муҳаммаднинг олдига келишар, у киши ҳеч кимга ён босмасдан, ҳеч кимнинг дилини оғритмасдан одил ҳукм чиқарарди. Бу вазиятда ҳам у зот ғоят ҳикмат билан иш тутдилар. Тўнларини ерга ёйиб, устига Ҳажарул асвадни қўйдилар-да, ҳар бир қабила оқсоқолига тўннинг четидан ушлаб, баробар кўтаришни буюрдилар. Баҳсу мунозарага сабаб бўлган тош ўз ўрнига қўйилди. Бирорта қабила бошлиғининг кўнгли оғримади, шарафли ишда баробар иштирок этганидан ҳамманинг боши осмонга етди. Бундай воқеалар сабаб кўпинча қабилалар орасида урушлар келиб чиқар, арзимас нарсалар оқибатида кўплаб одамларнинг ёстиғи қурир эди.
Ҳаким Зот Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига ҳикмат ато этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма уч йил давомида то қиё матгача бутун инсониятга кифоя қилгулик ҳикмат булоғини мерос қолдирдилар. Уламолар бу булоқнинг меросхўрларидир. Улар нинг мажлисларига шошилинг, сўзларини тинглаб, ҳикматларини чақинг. Аллоҳ таоло қуриб-қақшаб ётган ерларни ёмғири билан яшнатгани каби ўлик қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради. Жавоҳирлар билан тўлган сандиқ қа майда тошлар сиғмайди, ҳикмат билан тўла қалбда ҳатто гуноҳи сағиралар учун ҳам жой йўқ.
Муҳаммад ибн Омир ШИБРАВИЙ
Рашид ЗОҲИД таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws