46-халқаро Қуръони карим мусобақасидавом этмоқда
Маккаи мукаррамада Қуръон каримни ёддан ўқиб бериш, тажвид қоидаси асосида тиловат қилиш ва тафсир қилиш бўйича «Подшоҳ Абдулазиз» номидаги 46-халқаро Қуръони карим мусобақаси давом этмоқда.
Саудия Арабистонининг Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги томонидан ташкил этилаётган мусобақанинг 46-бор ўтказилаётган тадбири 2026 йил 7 август, жума куни бошланган эди. Унда 133 давлатдан 334 нафар эркак ва аёл иштирокчи қатнашмоқда. Бу мусобақа ташкил этилганидан буён ундаги давлатлар иштироки бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Мусобақадан асосий мақсад – ислом олами давлатлари қорилар ва қорияларини Аллоҳнинг Китобини ёд олиш ва уни тушунишга рағбатлантириш, ҳалол рақобат руҳини кучайтириш, ёш авлодни Қуръон билан боғлаш ҳамда Саудия Арабистонининг Қуръонни ўргатиш, уни ёд олганларини қўллаб-қувватлаш ва Қуръони каримга хизмат қилишдаги саъй-ҳаракатларини намоён этишдан иборат.
Мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги якуний босқичи ва тақдирлаш маросими Масжидул Ҳаром ҳудудида ўтказилади. Қизлар ўртасидаги баҳслар ва уларнинг тақдирлаш маросими эса Маккадаги Hilton Convention Hall залида бўлиб ўтади.
Ушбу мусобақа тарихида аёллар учун алоҳида беллашувлар биринчи марта ташкил этилмоқда. Бу эса мусобақанинг халқаро миқёси кенгайиб бораётгани ҳамда мусулмон жамиятида аёлларнинг тутган ўрнига бўлган эътибор ортиб бораётганини кўрсатади.
Мусобақа йўналишлари ва мукофотлар
Мусобақа бешта йўналишни ўз ичига олади:
- Қуръони каримни етти қироат билан тўлиқ ёддан ўқиш;
- Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш ва ундаги сўзларнинг маъноларини шарҳлаш;
- Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш;
- Қуръони каримнинг 15 жузини ёддан ўқиб бериш;
- Қуръони каримнинг кетма-кетликдаги 5 жузини ёддан ўқиб бериш.
Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 10 миллион 260 минг Саудия риёлини ташкил этади. Бу мусобақа тарихидаги энг юқори мукофот жамғармасидир.
Вазирлик иштирокчиларни қабул қилиш учун барча ташкилий, техник ва логистик тайёргарликларни якунлаган. Делегациялар учун Масжидул Ҳаром яқинида яшаш жойлари тайёрланган, мусобақа ўтказиладиган жойлар тўла жиҳозланган.
Шунингдек, иштирокчилар учун Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги тарихий обидаларга зиёратлар ҳамда маданий дастурлар ташкил этилган.
Бу тадбир иштирокчилар учун Қуръони карим мусобақасида қатнашиш билан бирга, Икки Ҳарам – Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавийга хизмат кўрсатиш борасида Саудия Арабистонининг амалга ошираётган ишлари билан танишиш имконини ҳам беради.
Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.