Савоби бориб турадиган 4 амал
Ислом динида ота-онага яхшилик қилиш фақат уларнинг ҳаётлик чоғлари ила чегараланиб қолмайди. Балки фарзанд ота-онасининг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиши мумкин. Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Бани Салама қабиласидан бир киши келиб, гаплашди. Мен у зотнинг олдиларида эдим. У: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам вафот этган. Уларга яхшилик қилишга имкон борми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ҳа, тўрт нарсанинг имкони бор: уларнинг ҳаққига дуо қилишинг, истиғфор айтишинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажаришинг ва иккиси томонидан ҳам қариндошларингга силаи раҳм қилишинг”, дедилар. Шунда ҳалиги одам: “Бу қандай ҳам улуғ ёки қандай ҳам яхши, ё Расулуллоҳ!” деди. “Унга амал қил!” дея марҳамат қилдилар».
Аслида, вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматларига раҳм кўрсатиб, уларнинг вафотларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига, уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига имкон берган. Ўша йўлларнинг тўрттаси мазкур ҳадиси шариф орқали баён қилинмокда. Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини адо этиб, розилигини олишга тарғиб қилинади. Лекин ота-она вафот этганидан кейин ҳам тўрт ҳолатда яхшилик қилиш мумкин:
1. Дуо қилиш. Фарзанд ота-онаси вафот этганидан кейин ҳам уларнинг ҳақига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиши савобли амаллардандир. Бу дуолар уларнинг амал дафтарларига ёзилиб туради. Шу орқали фарзанд уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
2. Истиғфор айтиш. Фарзанд ота-онасининг гуноҳлари мағфират этилишини сўраб истиғфор айтиб дуо қилса, уларга вафотларидан кейин яхшилик қилган бўлади. Ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида дуо қабул бўладиган бир мақомда салом беришдан олдин ота-онасига мағфират сўрайди.
3. Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш. Ота-она ким биландир аҳд тузган ёки ваъдалашган бўлса, унинг барча мажбуриятларини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам уларнинг ортидан борадиган ажр-савобдир. Бу ишлари билан фарзандлар уларга худди ҳаётлик чоғида яхшилик қилгандек бўлади.
4. Ота-онанинг дўстлари, яқинлари, қариндошларини икром қилиш. Шу йўл билан ҳам фарзанд ота-онасига яхшилик қилиши ва савоблардан баҳраманд қилиб туриши мумкин. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон. У Зот бизга отаоналаримиз вафотларидан кейин ҳам уларга яхшиликларимиз етиб борадиган эшикларни очиб қўйган. Демак, инсон ота-онасига дуо қилиши, истиғфор айтиши, эҳсон ва садақаларидан ҳосил бўлган савобларни бағишлаб туриши билан яхшилигини давом эттиради.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws