Истиқлолнинг 35 йиллигига 35 та факт – 13. Алломалар ва зиёратгоҳлар меросини тиклаш
Мустақиллик йилларида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш давлат ва жамият эътиборидаги муҳим йўналишга айланди. Улар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар таъмирланиб, йирик мажмуалар барпо этилди ва илмий марказлар ташкил қилинди. Айниқса, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасининг мутлақо янги қиёфада қайта бунёд этилиши кейинги йилларда амалга оширилган энг йирик маънавий-маърифий лойиҳалардан бири бўлди. Алломаларнинг қўлёзма асарларини топиш, ўрганиш, таржима қилиш ва нашр этиш ишлари ҳам кенгайди. Янги Ўзбекистон даврида бу ишлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби йирик илмий-маърифий лойиҳалар билан янги босқичга кўтарилди. Бу жараён халқимизнинг буюк аждодлари қолдирган илмий ва маънавий меросини келгуси авлодларга етказишга хизмат қилмоқда.